Депутат: "Ёз ойларида тонировка учун тўловларга енгиллик бериш керак"

Улашиш:

Одатда йилнинг ёз ойларида ҳавонинг исиши, қуёшнинг жазирама иссиғи ҳайдовчи ва транспорт фойдаланувчиларга бир қатор ноқулайлик туғдиради.

Кузатувлар ва мурожаатлардан келиб чиқиб, ҳайдовчиларнинг тонировка (қорайтириш)га эҳтиёжи юқори эканлиги, тўлов миқдорининг қимматлиги турли эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Шу жиҳатдан “O'zLiDeP пресс клуби”нинг навбатдаги сони “Йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини қайд этувчи фото ва видео дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ва туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланиш” масаласи муҳокамасига бағишланди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O'zLiDeP фракцияси аъзоси Баҳром Раҳмоналиев ушбу масала юзасидан ўз таклифларини билдирди.

“Барча фуқаролар учун автотранспорт воситасининг орқа ва олд ён ойналарини (иссиқлик даражасини ўтказмайдиган 30 фоизлик (қорайтириш) тонировка қилишга рухсат бериш тартибини жорий қилиш мақсадга мувофиқ. Бу эса албатта бепул бўлиши керак. Белгиланган 30 фоизликдан юқори 50-100 фоизлик орқа ва олд ён ойналарини қорайтиришни хоҳловчилар учун амалдаги тартибга кўра тўловни амалга ошириш мумкин бўлади. Шунингдек, айнан ёз ойларининг жазирама кунларида имтиёзлар яъни, 3-4 ой давомида фуқаролар учун ихтиёрий тонировка (қорайтириш) олд ва орқа ён ойналари учун тўловлар бўйича енгиллик (пакет) яратиш лозим”, – дейди Баҳром Раҳмоналиев.

Депутатнинг қўшимча қилишича, мамлакатимизнинг иқлимидан келиб чиқиб, тонировка барча учун бепул бўлиши керак. Тонировка масаласида ижтимоий тенглик принципини ҳам унутмаслик зарур.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.