Ўзбекистонда Nike кроссовкаларини ишлаб чиқариш бошланди

Улашиш:

Андижондаги Sino International компанияси Nike кроссовкаларини ишлаб чиқаришни бошлади. Nike стратегиясига мувофиқ, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кроссовкалар дастлаб Марказий Осиё мамлакатлари бозорларига, 2024 йилдан Покистонга, келажакда эса Европа давлатларига етказиб берилади.

Андижондаги Sino International хорижий корхонаси Nike кроссовкаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди, дея хабар берди «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати. Жаҳонга машҳур бренд кроссовкаларининг биринчи партияси аллақачон корхона конвейерларидан чиқди.

2019 йилда Nike компанияси Ўзбекистонда ўз бренди остида спорт пойафзалларини ишлаб чиқаришга расман рухсат берган эди. Ишлаб чиқариш линиясини ишга тушириш учун Sino International 5 йил давомида Nike томонидан талаб қилинадиган барча халқаро сифат стандартларини тўлиқ амалга оширди. «Муайян ишлаб чиқариш линиялари яратилди, ишчилар учун муносиб меҳнат шароитлари ва юқори сифат назорати ташкил этилди, — дейилади хабарда.

«Nike спорт пойафзали ишлаб чиқариладиган ҳар бир мамлакат учун расмий штрих-кодни тақдим этади. Ўзбекистон ҳам ушбу штрих кодни олган. Бу Андижондаги корхона жаҳон брендидаги барча русумдаги кроссовкаларни ишлаб чиқариш ҳуқуқига эга эканлигини англатади», — дейилади хабарда.

Sino International компаниясида 50 киши меҳнат қилмоқда. Спорт пойафзалларининг таглиги ва устки қисмини қолиплаш линиялари ишга туширилди. Ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакаси Nike компаниясининг Хитойдаги филиали технологлари, дизайнерлари ва тикувчилари томонидан оширилмоқда.

Ҳозир корхонада кунига 6 минг жуфт кроссовка ишлаб чиқарилмоқда. Йил охиригача корхона қувватини икки баробарга ошириш, келгусида эса йиллик қувватни 3 млн донага етказиш режалаштирилган.

Nike стратегиясига мувофиқ, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кроссовкалар аллақачон Марказий Осиё мамлакатлари бозорларига етказиб берилмоқда, 2024 йилдан Покистонга, келажакда эса Европа давлатларида сотилади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.