Ўзбек халқи меҳмондўст, олийжаноб ва саҳоватли инсонларга бой. Фахриддин ака ана шундай инсонлардан бири. У Ғаллаорол тумангаз таъминотида оддий чилангар бўлиб ишлайди.
Саҳоватпеша Фахриддин ака хизмат юзасидан Мирзабулоқ ҚФЙ га қарашли Хонақоҳ қишлоғидаги ҳар бир хонадонга ташриф буюради. Ташрифдан асосий кўзланган мақсади эса газ ҳисоблагичлари ва қувурларининг созлигини текширишдан иборат. Қарангки, кўзлаган мақсади уни бир савобли ишга қўл уришига сабаб бўлди.
Фахриддин ака қишлоқдаги кам таъминланган ва ногиронлиги бор бўлган инсонлар холидан хабар олиб, уларнинг кўнглини оз бўлсада кўтармоқчи эди. Лекин бунга на маблағи ва на ҳомий йўқ. Шунинг учун ижтимоий тармоқларда эълон берди. Кўп ўтмай бир гуруҳ саҳоватли ҳомийлар ҳам топилди.
Маблағ ва ҳомий бор, энди ногиронлиги бор бўлган болаларнинг кўнглини кўтаришга машҳур инсон керак. Шунда кўп ўйлаб ўтирмай актёр, мотиватор, спортчи Муродбек Жигитовга мурожаат қилди. Муродбек таклифга ҳеч ҳам ўйлаб ўтирмай розилигини айтди.
Бир қанча фаол ёшлар Фахриддин ака ва Муродбек Жигитов билан аҳоли истеъмоли учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари,ўйинчоқлар ва бир талай совғалар билан қишлоқ томон йўл олдик. Қишлоқдаги 10 та хонадонга ташриф буюрилди. Қувонарлиси уларнинг юзига озгина бўлсада табассум улаша олганлигимиздан хурсанд эдик.
Ҳаш-паш дегунча ҳамма хонадонга кириб чиқдик. Қарангки бир дона совғамиз ортиб қолганди. Нима қилишни билмадик ва қўшни Найман қишлоғи томон йўл олдик. Биз уйда таълим олаётган Чарос Бектемирова яшаётган хонадонга ташриф буюрдик. У қизнинг юзидаги ғамгинлик, ўқишга бўлган иштиёқи умуман йўқлигини кўрсатарди. Лекин Муродбек ака Чарос билан суҳбатлашгандан сўнг, Чароснинг юзидан илиқлик уфурди. Ўқишга бўлган иштиёқи эса янада ортди. Биз бундан жуда ҳам хурсанд бўлдик.
Фахриддин ака қилган бундай ташаббус туманимизда, балки бутун республикамизда саҳоватли инсонлар кўпайишига сабаб бўлади.
Эъзоза Эронбоева – Ёш журналистлар мактаби тингловчиси