Саккизта мамлакат Беларусь осмонидан учиб ўтишни тақиқлашни талаб қилди

Улашиш:

Саккизта мамлакат қонун чиқарувчи органларининг ташқи ишлар бўйича қўмиталари раислари Беларусь устидан парвоз қилишни тақиқлашни талаб қилди, деб ёзади «РБК». Бу Nexta Telegram канали асосчиларидан бири ва собиқ бош муҳаррири Роман Протасевичнинг ҳибсга олиниши билан тугаган Ryanaird самолёти билан боғлиқ воқеадан кейин юз берди. Баёнот АҚШ Конгресси Сенатининг ташқи ишлар қўмитаси раиси Роберт Менендес матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Ҳужжатни АҚШ, Буюк Британия, Германия, Ирландия, Латвия, Литва, Польша ва Чехия сиёсатчилари имзолади.

Ташқи ишлар бўйича қўмиталар раислари Фуқаролик авиацияси халқаро ташкилотини (ICAO) Минскка самолётнинг мажбурий қўндирилиши юзасидан зудлик билан суриштирув ўтказишга чақирди.

«Суриштирув ўтказилгунига қадар биз Беларусни ташкилотдан четлатишга ва Беларусь осмонидан ўтадиган парвозларнинг барчасини, шу жумладан, мамлакатга ва у ердан парвозларни тақиқлашга даъват этамиз», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, сиёсатчилар НАТО ва Евроиттифоққа аъзо мамлакатларни Беларусь ҳукуматига қарши санкциялар киритишга чақирди. Хусусан, гап Минскни «Европада демократияга яна ҳужум қилиш учун» Интерпол ва бошқа халқаро ташкилотлардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум қилиш ҳақида бормоқда.

Бундан ташқари, қонун чиқарувчилар Протасевич ва бошқа сиёсий маҳбусларни озод этишни талаб қилди.

Рянаир авиакомпаниясининг Афинадан Вильнюсга учган самолёти 23 май куни Минскка фавқулодда қўнди. Аэропортда лайнер бомба ҳақидаги хабарлар туфайли қўниш учун рухсат сўраганини маълум қилди. Айни вақтда авиакомпаниядагилар экипажга мина ҳақидаги хабар Беларусь диспетчерларидан келиб тушгани, улар самолётни Минскка қўндириш ҳақида кўрсатма берганини айтди. Йўловчи самолётига ҳамроҳлик қилиш учун Беларусь Ҳарбий-ҳаво кучларининг МиГ-29 қирувчи самолёти осмонга кўтарилди.

Минск аэропортида хавфсизлик текшируви самолёт бортида ҳеч нарсани аниқламади, беш соатдан кейин унга парвозни давом эттиришга рухсат берилди. Тергов қўмитаси мина ўрнатилгани ҳақидаги ёлғон хабар туфайли иш очди.

Беларусь Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, самолёт бортида бўлган Протасевич қўлга олинган. Мамлакатда унга қарши оммавий тартибсизликлар уюштириш ҳақидаги модда бўйича иш очилган бўлиб, КГБ аввалроқ уни ва Nexta’нинг бошқа асосчиси, Степан Путилони террорчилар рўйхатига киритган, каналнинг ўзи экстремистик деб топилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.