Рус сувости кемалари чегарамизда... – Британия мудофаа вазири

Улашиш:

Россия сувости кемалари Буюк Британия соҳили бўйлаб изғиб юрибди. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Бен Уоллес маълум қилди. Инглиз мудофаа идораси раҳбари Россияни ҳарбий кемаларни мунтазам равишда Британ оролларига юборишда айблар экан, бундан кўзланган мақсад қиролликка қарши операция амалга ошириш эканини таъкидлаган.

Ўтган йили Британия соҳилларида 7 та, 2021 йилда эса 27 та, 2013 йилдан буён эса камида 150 та рус кемаси ҳаракати қайд этилган. Рус кемалари асосан Шимолий денгиз ва Ла-Манш бўғозида фаоллик кўрсатган.

Одатда, бундай вазиятларда Британия флотига тегишли ҳарбий кема рақиб кема ҳаракатини кузатиш ёки уни қўлга олиш учун сафарбар этилади.
«Илгари Россияга тегишли оддий кемалар қадам ранжида айлар эди, энди эса рус ҳарбий кемалари ҳам ўз ташрифи билан бизни «мамнун» этмоқда», – деган мудофаа вазири.

Бен Уоллес Россияни вазиятни қасддан таранглаштиришда айблаган ва ўйлаб ҳаракат қилишга ундаган. Мудофаа вазири, айни чоқда, ушбу мамлакатни биринчи рақамли таҳдид деб атаган.

Аввалроқ  Буюк Британиянинг «The Mirror» газетаси Россия яқин муддатда янги сувости кемасидан фойдалана бошлаши ва ушбу хатарли кема сабаб бир неча ўн триллион фунт стерлинглик молиявий операциялар хавф остида қолиши ҳақида ёзган эди.

Қайд этилишича, «Кашалот» деб номланган сувости кемалари денгиз остига – 3,2 км масофага шўнғийди. Инглиз ҳарбий-денгиз разведкаси ушбу кема сув остидаги коммуникация кабелларига зарар етказиши мумкинлигидан хавотирланмоқда. Гап шундаки, сув остидаги 400 га яқин коммуникация тармоқлари орқали кунига 8 триллион фунт стерлинглик молиявий транзакциялар амалга оширилади. Умуман, сувости коммуникация тармоқлари дунё иқтисодиётда муҳим аҳамият касб этади.

Масалан, веб маълумотларнинг 90 фоизи уммонлар остидан ўтган кабеллар орқали узатилади.
Фаразларга кўра, коммуникация кабеллари билан бирга энергия қувулари ҳам ҳужумга учраши мумкин. Бу эса нафақат иқтисодиёт, балки экологияга ҳам улкан зарар келтиради.

«Daily Express» нашри эса жорий йил март ойида Буюк Британия ташқи разведка хизматининг 100 га яқин ходими Лондондан Шотландияга сафарбар қилингани, инглиз махсус хизмати Россия жосуслари фитна ҳозирлаётганидан хавотирда экани ҳақида ёзди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.