Ўзбекистонда илк бор Zaamin Ultra ультрамарафони ўтказилади

Улашиш:

2021 йили Samarkand Half Marathon югуришлар сериясини ўтказади, Зоминда ўтказиладиган спорт, мусиқа ва санъат фестивали улардан биринчисига айланади.                 
Мусобақа 26-27 июнь кунлари Зомин миллий табиий боғи ҳудудида бўлиб ўтади. Спорт дастури 50 км (ультрамарафон), 21 км, 10 км, шимолий юриш ва эндигина югуришни бошлаганлар учун узунлиги 2 км лик югуришдан иборат бўлади. Спорт дастуридан ташқари, иштирокчилар ва уларнинг дўстларини электрон мусиқа концертлари ҳамда маданий ва кўнгилочар дастур кутмоқда. Югуришга старт бериладиган шаҳарча ҳудудида очиқ осмон остида овқатланиш нуқталари ташкил қилинади.
Югуришлар серияси учта тадбирдан иборат бўлади, иккинчи марафон Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида режалаштирилмоқда. Шу йилнинг 5-7 ноябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган анъанавий хайрия марафони ушбу сериянинг авж нуқтасига айланади. Шундай қилиб,  Samarkand Half Marathon янги шаҳарларни забт этган ҳолда мамлакат бўйлаб ўз саёҳатини бошламоқда.

Лойиҳанинг асосий мақсади соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, маданий туризмни ривожлантириш, Ўзбекистон аҳолисини, шу жумладан ўсиб келаётган авлодни спортнинг фаол турларига жалб этишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси старт бадалларидан тушган барча маблағларни Samarkand Half Marathon 2021 хайрия мақсадига йўналтиради.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.