Солиқ қарзлари, пенялар ва ундирувларга мораторий — совуқ туфайли тадбиркорларга енгилликлар бериляпти

Улашиш:

Аномал узоқ давом этган совуқдан кейин бизнес ўзини тиклаб олиши учун айрим чоралар кўрилди. Солиқ қарзлари, пеня ҳисоблаш, давлат фойдасига ундирувлар, ижара тўловлари ва давлат харидларига доир енгилликлар ҳақида тадбиркорлар нималарни билиши керак? Давлат солиқ қўмитаси бош инспектори Беҳзод Жалилов Kun.uz'гa бу борада изоҳ берди.

Video Player

Тадбиркорлар солиқ қарзларини 1 июлга қадар бўлиб тўлаши мумкин. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг солиқ қарзига пеня ҳисоблаш 2023 йил 1 апрелгача тўхтатилади. Бундан мақсад – ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш. Бу борада президент қарори қабул қилинди.

Kun.uz Солиқ қўмитасининг солиқ қарзини ундиришни ташкил қилиш департаменти бош инспектори Бекзод Жалиловдан бу тартиб борасида изоҳ олди.


“Тадбиркорлик субъектларининг 2022 йил январга нисбатан 1 февраль ҳолатига ошган, яъни ҳосил бўлган солиқ қарзини 2023 йил 1 мартдан 1 июлгача – 4 ой муддатгача бўлиб тўлаш имконияти берилади. Бу имкониятдан тадбиркорлар фоизсиз, гаров таъминотисиз ва қўшимча шартларсиз фойдаланиши мумкин. Масалан, “А” корхонанинг 1 январь ҳолатига 100 млн сўм қарзи бор. 1 февраль ҳолатига 180 млн сўмни ташкил этади. Шунда январь ойида 80 млн сўм солиқ қарзи ҳосил бўлган. Шу солиқ қарзини 1 мартдан 1 июлгача 4 ой муддатда бўлиб тўлайди. 80 млн сўмни ҳар ой 20 миллион сўмдан тенг улушларда тўлаш имконияти бериляпти. Қарор кучга кирган санадан, яъни 2023 йил 3 февралдан бошлаб барча солиқ қарзларига 1 апрелгача пеня ҳисоблаш тўхтатилади”.

Қарор 3 февраль куни кучга кирди, аммо у 6 февралда эълон қилинди. 3 кун ичида тадбиркорлардан пеня ундирилган бўлса, бу пуллар қайтариб берилади. Бунинг учун ёзма равишда солиқ қўмитасига мурожаат қилиш лозим.

Шунингдек, тадбиркорларнинг солиқ қарзларини бўлиб тўлаш борасидаги аризаси Солиқ қўмитаси томонидан 5 кун муддатда кўриб чиқилади.

“Ташқи савдо операциялари учун муддати ўтган дебиторлик қарздорлиги учун жарима қўлланиши 1 апрелга қадар тўхтатилади. Қарор кучга кирган санагача жарима қўлланган бўлса, уларни ундириш ҳам тўхтатиб турилади”, – деди Солиқ қўмитаси масъули.

Солиққа оид мораторийлардан ташқари, қарорда тадбиркорлар учун яна айрим енгилликлар назарда тутилган.

  • Тадбиркорлар 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь-февраль ойларида давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини 2023 йил 1 мартдан 1 июлгача тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин.
  • Тадбиркорлар томонидан бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган давлат активлари бўйича 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь ойларида тўланиши лозим бўлган тўловлар, шу жумладан дастлабки тўлов тўланмагани учун фоизлар ва пенялар ҳисоблаш 2023 йил 1 апрелгача тўхтатиб турилади.
  • 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь ойларида давлат харидлари доирасида тузилган шартномалар шартлари ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши туфайли бажарилмагани учун тадбиркорларга жарима ва пенялар қўлланмайди.
  • Ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши оқибатида қийинчиликларга дуч келган тадбиркорларга нисбатан 2023 йил 1 апрелгача давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижроси тўхтатилади.
  • Тадбиркорларга ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши оқибатида носоз ҳолга келган асосий воситаларни таъмирлаш учун ажратилган кредитлар бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача (50 фоизи ҳам киради), лекин умумий қиймати 2,5 млрд сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик берилади.
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.