«Ўзавтосаноат» бошқарувидаги 5 та завод кўчирилади

Улашиш:

 Бугун бўлиб ўтган брифингда президент матбуот котиби Шерзод Асадов 5 июль куни Ўзбекистон Президенти ҳузурида бўлиб ўтган қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ҳамда кимё саноатидаги лойиҳалар тақдимоти ҳақида ҳам сўз юритди.

«Маълумки, машинасозлик корхоналари 2020 йили «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти бошқарувига берилиб, модернизация ишлари бошланган эди. Тақдимотда, аввало, шундан кейинги натижалар таҳлил қилинди.

Давлат раҳбари тақдимотда бажарилган ишлар ҳали етарли эмаслигини таъкидлаб, мавжуд қувватлардан оқилона фойдаланиш ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича топшириқлар берди.

Энг асосий топшириқ — Чирчиқ шаҳридаги завод негизида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластерини ташкил этиш бўйича бўлди, яъни ҳозирда 85 гектар майдонни эгаллаган ва тарқоқ жойлашган 5 та завод: Чирчиқ ва Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводлари, «Агрегат заводи», «Технолог», «ЎзКлаас Агро» бир жойга кўчирилиб, 17,5 гектар майдонда йўлга қўйилади. Албатта, бу катта харажат талаб этади. Лекин натижадорлик, рентабеллик ҳисобидан ўзини тўлиқ оқлайди.

Масалан, корхоналар яхлит бир жойда ишлаши туфайли ускуна ва жиҳозлар 40 фоизга оптималлаштирилади. Кооперация кенгайиб, ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ошади. Хусусан, тракторлар савдоси ҳажми 2019 йилда 1 минг 700 та, 2020 йилда 2 минг 400 та бўлган бўлса, кластер тизимида йилига 5 минг 100 тага етиши ҳисоб-китоб қилинган.

Яна бир муҳим жиҳати, маҳаллийлаштириш даражаси оширилиб, натижада ишлаб чиқариш таннархи 20 фоизга тушади. Бу президент қўйган энг асосий вазифалардан биридир. Чунки, нарх тушса, деҳқон ва фермерларнинг сотиб олиши ҳам енгиллашади, экспорт ҳам ошади», — деди президент матбуот котиби.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.