Бу Андерссон — UzAuto Motors`даги вазифалари ҳақида

Улашиш:

UzAuto Motors бош директори Бу Андерссон ушбу лавозимдаги вазифалари ҳақида гапирди. «Мен супермен эмасман, лекин улар мендан янада сифатли маҳсулотлар, янги моделлар, жумладан, автомобиллар, қулайроқ нархларда ва энг яхши хизматларни тақдим этишимни хоҳлашяпти. Акциядорларимиз ишлаб чиқариш ва самарадорликни оширишни хоҳлаяпти. Бунга эришишнинг ягона йўли эса бошқарув жамоаси билан қаттиқ ишлаш ва қиймат яратишдир», — деди компания бош директори.

UzAuto Motors ва UzAuto Motors Powertrain бош директори Бу Андерссон 30 сентябрь куни Тошкент иқтисодий форумида ушбу компаниялар акциядорлари унинг олдига қўйган вазифалари ҳақида гапирди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар беради.

Швециялик 65 ёшли мутахассис Ўзбекистон автомобилсозлик саноати 1996 йилда пайдо бўлганини эслаб ўтди. «Биз бу саноатда ҳали жуда ёшмиз. Лекин шу вақт мобайнида биз 3,6 миллион автомобиль ишлаб чиқардик», — деди у.

Компания раҳбари UzAuto Motors тўлиқ циклли ишлаб чиқарувчи эканига, яъни машинани штамплаш, пайвандлаш, бўяш ва тўлиқ йиғиш заводнинг ўзида қилинишига эътибор қаратди.

Унинг сўзларига кўра, компанияда қарийб 12 минг киши ишлайди. Бироқ автомобилсозлик саноатида битта иш ўрни билвосита тўрттасини (компонентлар ишлаб чиқариш, молия, дилерлик ва хизмат кўрсатиш марказларини) яратади.

«Аслида, бу кичик компания Ўзбекистонда 50 минг кишини иш билан таъминлайди», — дея таъкидлади у.

Бу Андерссон Ўзбекистонда автомобилга эга бўлиш паст даражада эканини қайд этди. У эълон қилган маълумотларга кўра, 35 миллион аҳолига 2,7 миллион енгил автомобиль, ёки ҳар 1000 кишига 77 машина тўғри келади. У бу ҳолат бозордаги катта талабдан дарак беришини таъкидлади.

Таққослаш учун: 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, Қозоғистонда автомобиллашиш даражаси ҳар 1000 аҳолига 208 та, Россияда — 383 та, Германияда — 555 тани ташкил қилади.

Компания янги раҳбарининг таъкидлашича, «Ўзавтосаноат» раиси Шавкат Умурзоқов ва унинг ўринбосари Азиз Шукуров бу соҳада трансформацияни 3,5 йил олдин бошлаган ва ҳозир компания бу жараённинг марказида турибди.

«Бу вақт ичида UzAuto Motors автомобиль ишлаб чиқаришни йилига 120 мингдан 300 мингтагача оширди ва бир кун олдин компания кунига 1100 та автомобиль ишлаб чиқаришга эришди», — дея таъкидлади у.

Бу Андерссоннинг таъкидлашича, шаффофликни ошириш мақсадида компания молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларига (МҲХС), шунингдек, назоратни кучайтириш ва бошқарувни ўзгартириш учун рискларни бошқаришнинг замонавий тизимига (ERM) ўтмоқда.

«Сиз сўрашингиз мумкин, менга ўхшаган йигит бу ерда нима қиляпти? Бизнинг қиладиган ишларимиз кўп. Мен харидорлар, дилерлар, етказиб берувчилар ва бош вазир ўринбосари [Жамшид Қўчқоров] билан гаплашдим. Мен супермен эмасман, лекин улар мендан янада сифатли маҳсулотлар, янги моделлар, жумладан, автомобиллар, қулайроқ нархларда ва энг яхши хизматларни тақдим этишимни хоҳлашяпти. Бизнинг акциядорларимиз ишлаб чиқариш ва самарадорликни оширишни хоҳлаяпти. Бунга эришишнинг ягона йўли эса бошқарув жамоаси билан қаттиқ ишлаш ва қиймат яратишдир. Ва биз албатта шундай қиламиз», — деб айтди Бу Андерссон.

Бу Андерссоннинг айтишича, General Motors’даги 21 йиллик фаолияти давомида у корпорация фаолияти юритиладиган 100−102 мамлакатга ташриф буюрган.

«Мен икки давлатга бормаганман. Бу Жанубий Африка ва Ўзбекистон давлатлари эди. Бунга сабаб, бу давлатларда бизнинг ҳеч қандай муаммомиз йўқ эди. Бироқ мен биринчи 30 кун ичида жуда кўп муаммоларга дуч келдим», — дея тан олди у.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин 23 август куни Бу Андерссон UzAuto Motors бош директори этиб тайинланганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.