10та мижоздан 9таси алюминий дискли “Ласетти”ни харид қилишади. Бу Андерссон мазкур русумнинг ишлаб чиқарилиши тўхтатилиши ҳақидаги миш-мишларга муносабат билдирди

Улашиш:

UzAuto Motors Бош директори Бу Андерссон “Ласетти” ва “Кобальт” автомобиллари ишлаб чиқарилиши яқин орада тўхтатилиши ҳақидаги миш-мишларга изоҳ берган. 

"Мен ҳар доим истеъмолчиларнинг истакларини жуда диққат билан ўрганаман. Шу боис, имкон қадар Андижон шаҳридаги маҳаллий дилеримизга тез-тез ташриф буюришга ҳаракат қиламан. Мижозларга асосан “Лаcетти”, “Дамас” ва “Кобальт” ёқади. Мен яқинда бир дилерга ташриф буюрганимда 10та мижоздан 9таси алюминий дискли, автоматли коробка ва оқ рангли “Ласетти”ни харид қилишига амин бўлдим. Ўйлайманки, бу ерда ҳеч қандай ёмон нарса йўқ. Керак бўлса, “Ласетти” ишлаб чиқаришни давом эттирамиз", - деди у UzReport TV телеканалига берган интервьюсида. 

Унинг сўзларига кўра, бу йил компания иккита янги маҳсулот – “Оникс” ва “Трекер”ни тақдим қилади, улар ҳозирги моделларга параллель равишда ишлаб чиқарилади.

“Ишончим комилки, биз “Кобальт”ни яна узоқ муддат ишлаб чиқарамиз. “Ласетти”га келадиган бўлсак, шуни айтишим мумкинки, агар уни айни пайтдаги каби сотиб олиш давом қилса, уни ишлаб чиқаришни давом этамиз", - дея таъкидлади у.

Андерссоннинг қўшимча қилишича, UzAuto Motors энг оммабоп автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажмини кунига 100 тага оширган. “Лаcетти”   бир кунда 262дан 366гача (ўсиш 27%), “Кобальт” автомобилининг кунлик ишлаб чиқарилиши эса 342дан 420 тага (ўсиш 18%) ошган.

"Бир пайтлар 20 кун ичида ҳар куни мингта машина ишлаб чиқарган яхши даврларимиз ҳам бўлган", - дея хулоса қилди у.

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.