Жиззахда "Ўзбекистон қаҳрамони" Эркин Умматов ҳақидаги “Шундай яшар одатда одам” китоби тақдимоти ўтказилди (фото)

Улашиш:

"Ўзбекистон қаҳрамони" Эркин Умматов 1963 йил Жиззах вилояти Жиззах туманида темирйўлчи оиласида таваллуд топди. Унинг меҳнат фаолиятига назар ташлар эканмиз, оддий инсоннинг ҳалол меҳнат туфайли қандай юксак мартабаларга эришиши мумкинлигига ишонч ҳосил қиламиз.

Бугун Эркин Умматовнинг ўзи таҳсил олган Жиззах шаҳридаги 24-умумтаълим мактабида ўқувчи ёшлар ҳамда синфдошлари ҳамда  Жиззах политехника институти ўқитувчи ва талабалари билан ижодий учрашуви ўтказилиб, у ҳақидаги “Шундай яшар одатда одам” китоби тақдимоти ташкил этилди.

Унда, Ўзбекистон қаҳрамони Анорбой Эшматов, Жиззах политехника институти ректори Алишер Усмонқулов, меҳнат фахрийси Эшқул Усмонқулов, ҳамкасби Қаҳрамон Сувонқулов, 17- сонли Бухоро йўл машина станцияси бошлиғи Тоир Ражабов, 203-сонли Тошкент тажриба йўл машина станцияси бошлиғи Бахтиёр Файзуллаев, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Давлат тилини ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўлими бошлиғи, “Шундай яшар одатда одам” китобининг муаллифи Ҳулкар Ҳатамбоева, вилоят телерадиокомпанияси раҳбари Эркин Шермонов ҳамда вилоят фаоллари ва ўқитувчилар иштирок этишди.   

Эркин Умматов, 1996 йил Тошкент темир йўл муҳандислари институтининг сиртқи бўлимини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини эса анча илгари, яьни, 1980 йилда Ўрта Осиё темир йўл бўлими Жиззах темир йўл масофаси монтёри вазифасидан бошлади.

Меҳнат фаолиятини 1983-1988 йилларда Ўрта Осиё темир йўл Тошкент бўлими Жиззах темир йўл масофаси монтёри, бригада устаси бўлиб давом эттирди. 1988-2000 йилларда Бухоро бўлими Самарканд темир йўл дистанцияси катта йўл устаси, бошлиқ ўринбосари, Самарканд темир йўл масофаси бошлиғи лавозимларида ишлади. 2000-2005 йил йўл хўжалиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, 2005-2008 йил йўл хўжалиги бошқармаси 17-сон машина станцияси бошлиғи, Махсус механизациялашган темир йўл станцияси бўлим бошлиғи, бошлиқ ўринбосари бўлиб ишлади.

2008-2009 йил мамлакатимиз учун аҳамиятли бўлган “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК Ҳайратон-Мозори-Шариф темирйўлини лойиҳалаштириш ва барпо этиш бўйича бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари, 2010-2013 йилларда эса “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК Йўл хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият олиб борди.

2013-2014 йил Бухоро минтақавий темир йўл узелининг Самарқанд темир йўл масофаси бошлиғи, 2014-2016 йил “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК Капитал қурилиш дирекцияси бошлиғи, Ангрен-Поп темир йўл қурилиши бошлиғи бўлиб фаолият кўрсатди. Эркин Умматовнинг ҳалол меҳнати юртимиз ривожига қўшган улкан ҳиссаси давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди. У 2016 йил “Ўзбекистон Қахрамони” унвонига сазовор бўлди.

Эркин Умматов ҳозирги кунда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Йўл хўжалиги бошқармасига раҳбарлик қилиб келмоқда.

Тадбирда сўзга чиқққанлар, қаҳрамонимизнинг мана шундай сермазмун ва жўшқин ҳаёт йўли, меҳнат фаолияти билан мамлакатимиз иқтисодиётини, хусусан, унинг қон томири бўлган темир йўллар соҳасини ривожлантиришга салмоқли ҳисса ҳақида сўз юритишди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.