Суд Гулистон тумани ҳокими ўринбосарини фирибгарликка суиқасд учун жаримага тортди

Улашиш:

Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулистонда ҳоким ўринбосари фуқарони кам таъминланган оилалар учун қурилаётган кўп қаватли арзонлаштирилган уй-жойлардан хонадон олиш учун рўйхатга қўйиб, бунинг эвазига 400 доллар пора олаётган пайтида қўлга тушгани ҳақида хабар берган эди.

Маълумотларга кўра, 27 апрель куни Фуқаро М.К. ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза билан мурожаат қилган. Унда айтилишича, вилоят ҳудудий «Чорванасл» маркази Гулистон тумани етакчи мутахассиси М.Х. унга тумандаги «Юлдуз» массивида кам таъминланган оилалар учун қурилаётган кўп қаватли арзонлаштирилган уй-жойлардан хонадон олиши учун рўйхатга қўйишини айтиб, эвазига 400 АҚШ доллари сўраган.

М.Х. бу ишни туман ҳокимининг ўринбосари Б.С. орқали қилишини айтган. М.Х. сўралган пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Sirdaryo Xabarlar маълумотларига кўра, суд мазкур жиноят ишини мазмунан кўриб чиқиб, собиқ туман ҳокими ўринбосари ва иш бўйича бошқа шахсларга нисбатан ҳукм ўқиди.

Нашрнинг қайд этишича, Б.Салиметовга Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (фирибгарлик хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган бўлса) билан 2 йил 6 ой муддатга давлат органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда БҲМнинг 300 баравари миқдорида — 73,5 млн сўм жарима жазоси тайинланди.

Туман ҳокимлигининг етакчи мутахассиси М.Холбековга 168-моддаси 2-қисми «б» банди (фирибгарлик бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб), 28,211-моддаси 1-қисми билан (пора беришда иштирок этиш) 2 йил муддатга давлат органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил 2 ой озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.