Қайси даромадларга 12 фоиз ставка қўлланилади?

Улашиш:

Молия вазирлиги 2022 йил 26 июль №ЎРҚ-785 Қонуни билан Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритилиши муносабати билан қуйидаги тушунтиришларни маълум қилади.

Мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида ўқишга тўлов солиқ солишдан озод қилинган.

Ушбу имтиёз қандай ишлайди?

Нодавлат мактабгача ёки мактаб таълим ташкилотида ўқиш пуллик ҳисобланади. Энди ота-она (фарзандликка олувчи)нинг бунинг учун ҳар бир фарзандга ойига 3 млн сўм доирасидаги харажатлари солиқ солишдан озод қилинади.

Масалан, ота (она)га унинг иш жойи бўйича ҳар ойда 720 минг сўм (6 000 х 12%) ЖШДС ушлаб қолинган ҳолда 6 млн сўм иш ҳақи ҳисобланади. У бухгалтерияга ўз фарзандининг таъминоти учун мактабгача таълим ташкилотига ҳар ойда 2,5 млн сўм ўтказиш ҳақида ариза тақдим этди.

2,5 млн сўмга солиқ солинмайди. Бухгалтерия фақат 3,5 млн сўм (6000 – 2500) фарқдан солиқ ушлаб қолади. Солиқ 420 минг сўмни (3500 х 12%) ташкил қилади. Ота (она) солиқдан ойига 300 минг сўм тежайди.

Имтиёз қандай қўлланилади?

Ота (она) имтиёзни:

• ўз корхонангизнинг бухгалтериясига маблағларни нодавлат мактабгача ёки мактаб таълим ташкилотига ўтказиш ҳақида ариза ва тўловга счёт (шартнома) тақдим этган ҳолда иш жойи бўйича;

• солиқ хизматига йил якунлари бўйича даромадлар тўғрисида декларация ва ўқиш учун тўлов амалга оширилганлиги тўғрисида ҳужжатларни тақдим этган ҳолда қўллаши мумкин.

Имтиёз қайси санадан амал қилади?

Имтиёз 2022 йил 1 апрелдан амал қилади.

Норезидент жисмоний шахсларнинг Ўзбекистондаги манбалардан оладиган даромадлари бўйича солиқ солиш ставкаси пасайтирилди

Солиқ ставкаси 20%дан 12%гача пасайтирилди. Масалан, агар норезидентнинг бир ойда даромади 1000 шартли бирликни ташкил этган бўлса, бюджетга ушбу суммадан 200 шартли бирлик тўланган. Ҳозир ушлаб қолиш суммаси 120 шартли бирликни ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, 12% – резидент жисмоний шахслар учун ҳам ЖШДС ставкаси.

Солиқ ставкасини пасайтириш қайси пайтдан эътиборан амал қилади?

ЎРҚ-785-сон Қонунга асосан 12% ставка 2022 йил 1 майдан бошлаб ҳисобланган даромадларга қўлланилади.

Қайси даромадларга 12% ставка қўлланилади?

12% ставка меҳнат шартномалари ва фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартномалар бўйича олинган даромадларга, шунингдек бошқа даромадларга қўлланилади, бундан дивидендлар, фоизлар ва фрахтдан олинадиган даромадлар мустасно.

Олдинги даражада сақланиб қолган солиқ ставкалари:

- дивидендлар ва фоизлар бўйича – 10%;

- халқаро ташишларда транспорт хизматларини тақдим этишдан олинадиган даромадлар бўйича (фрахтдан олинадиган даромадлар) – 6%.

Май-июнь учун ЖШДС бўйича ҳисоботни қайта топшириш зарурми?

Йўқ, қайта топширмаса бўлади. Ҳисобот йил бошидан ўсиб борувчи якун билан тақдим этилиши боис, июль ҳисоботида тузатишларни акс эттириш етарли.

Ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож иқтидорли фарзандларни бепул ўқитиш солиқ солишдан озод қилинган

Ким бепул ўқиши мумкин?

Ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож оилаларнинг қобилиятли ва иқтидорли фарзандлари мактабгача ва умумий ўрта таълим нодавлат ташкилотларида бепул ўқишга ҳақли. Таълим ташкилотлари уларни танлов асосида жами ўқувчилар йиллик умумий сонининг 10%идан кам бўлмаган миқдорда бепул ўқишга қабул қилиши шарт (Президентнинг 15.09.2017 йилдаги ПҚ-3276-сон қарори).

Солиқ солишдан озод қилишнинг моҳияти нимада?

Илгари бундай бепул ўқиш қиймати ўқувчининг ота-онасининг моддий наф тарзидаги даромади сифатида ҳисобланган ва 12% ставка бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўланиши лозим эди.

Солиқ кодексига янги норма киритилиши билан бепул ўқиш солиқ солишдан озод қилинди.

Ушбу имтиёз яна кимга татбиқ этилади?

Мазкур имтиёз давлат–хусусий шериклик асосида фаолият кўрсатадиган мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган (ўқиётган) махсус контингентдаги тарбияланувчиларни бепул ўқитишга ҳам татбиқ этилади.

Давлат талабаларнинг олий таълим ташкилотлари ҳудудидаги меҳнатини рағбатлантиради

Ушбу норма қайси вақтдан бошлаб ишламоқда?

Имтиёз 26.07.2022 йилдаги ЎРҚ-785-сон Қонун билан Солиқ кодексига киритилган ва Қонун расмий эълон қилинган кундан кучга киради.

Қандай фаолият турлари рағбатлантирилади?

Олий таълим ташкилотлари ҳудудида:

• пуллик ўқув курслари;

• спорт тўгараклари;

• бошқа таълим хизматларини ташкил этиш.

Рағбатлантиришларнинг моҳияти нимада?

Талабаларнинг ушбу фаолият турларидан олинган даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади.

Масалан, талаба ўзи ўқийдиган университет ҳудудида спорт тўгараги ташкил қилди ва 5 млн сўм ишлаб топди. 5 млн сўмнинг ҳаммаси – бу талабанинг даромади ва ушбу суммадан солиқ тўланмайди.

Имтиёздан фойдаланиш учун бундай фаолиятни қандай ташкил қилиш керак?

Бунинг учун талаба қуйидаги тарзда ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиши керак:

• махсус мобил илова орқали;

• солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали;

• солиқ хизматида.

Рўйхатдан ўтиш учун нималар керак бўлади?

Қуйидагиларни кўрсатган ҳолда сўровномани тўлдириш:

• ЖШШИР;

• амалга оширмоқчи бўлган фаолият тури;

• меҳнат фаолиятини амалга ошириш назарда тутилган манзил;

• мобил телефон рақами.

ФИО, паспорт ёки ID картаси маълумотлари, яшаш жойи ДСҚ ва ИИВ маълумотлар базасидаги маълумотлар асосида автоматик тарзда шакллантирилади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар фаолиятни амалга ошириш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилади.

Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтишни қандай ҳужжат тасдиқлайди?

Белгиланган шакл бўйича ҚР-код берган ҳолда Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисида маълумотнома. Уни ўзини ўзи банд қилган шахснинг хоҳишига кўра махсус мобил илова, солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ёхуд қоғоз шаклида солиқ хизматида олиш мумкин.

Ташкилотлар ўз ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун маданий тадбирларга солиқларсиз ҳақ тўлашлари мумкин

Ташкилотлар қайси солиқлардан ва қандай миқдорда солиқ солишдан озод қилинади?

Тўланаётган солиқ турига қараб, ташкилотлар фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқдан озод қилинади.

Имтиёз суммаси ташкилотнинг товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромадининг 0,5%ини ташкил қилади.

Масалан, тадбиркорлик субъектининг реализация қилишдан олинган даромадлари 1 млрд сўмни ташкил этса, ушбу сумманинг 0,5%и – 5 млн сўм бўлади. Агар ташкилот ушбу сумма доирасидаги маблағларни ўз ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун маданий тадбирларга билетлар харид қилиш учун йўналтирган бўлса, ушбу маблағлар суммасига фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқнинг солиқ базасини камайтириш орқали солиқ солинмайди.

Харажатларнинг қайси турлари ушбу имтиёз остига тушади?

Ташкилотларнинг ўз ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларига билетлар харид қилиши билан боғлиқ харажатлари.

Ушбу норма қайси вақтдан бошлаб ишламоқда?

Имтиёз 26.07.2022 йилдаги ЎРҚ-785-сон Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.