Миришкор тумани ҳокими ўринбосари 50 минг доллар пора билан қўлга олинди

Улашиш:

Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими ўринбосари фуқарога ер олиб беришни ваъда қилиб 50 минг долларни олган пайтида қўлга олинган. Бу ҳақда вилоят ҳокими Муроджон Азимов иштирокидаги аппарат йиғилишида маълум қилинди.

Қайд этилишича, Миришкор тумани ҳокимининг 2021 йил сентябрь ойидан бери Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаб келаётган ўринбосари У.Я. фуқарога ер олиб беришни ваъда қилиб, 80 минг доллар сўраган. 2022 йилнинг 5 февраль куни сўралган пулнинг 50 минг долларини олаётган пайтида қўлга тушган.

«Миришкорда, Муборакда ‘участкавой’ бўлиб ишлаган, вилоят ИИБда бошқарма бошлиғи ўринбосари бўлган муттаҳам 80 минг доллар сўраб, 50 минг доллар билан қўлга тушган», — деган вилоят раҳбари.

Таъкидланишича, вилоят ҳокими мазкур маълумотни жамоатчиликка очиқлаб, Миришкор тумани ҳокими Шерали Санаевга ҳам дакки берган. Шерали Санаев эса бу ҳолат туман учун иснод бўлганини, ҳокимлик вакилларининг юзи ерга қараганини билдириб,

«Бизни айбимиз бу, ҳуқуқ тартибот органлари билан тизимли ишни йўлга қўйишни келишиб олдик. Ваъда бераман энди бундай бўлмайди», — деган.

Вилоят ҳокими Муроджон Азимов бунга жавобан Шерали Санаевга тоза йигит эканини, лекин назорат қилмаганини айтган. Шунингдек, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Долли Аллаевга «бу сизнинг ҳам айбиз, назорат қилмагансиз», дея танбеҳ берган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.