EF English Proficiency Index дунёнинг турли давлатларида инглиз тилини билиш даражаси бўйича тадқиқот ўтказди. Унга кўра, Ўзбекистон рўйхатдаги 112-давлат орасида 88-ўринни эгаллаган.
Рейтингда Ўзбекистон инглиз тилини билиш даражаси «жуда паст» ҳисобланувчи мамлакатлар гуруҳига киритилган бўлиб, ундан юқори поғонада Афғонистон (87-ўрин), пастида Сурия (89-ўрин) жойлашган.
Шунингдек, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳам рўйхатга киритилган, хусусан, Қозоғистон — 96-ўрин, Қирғизистон — 101-ўрин, Тожикистон — 103-ўрин. Туркманистон рўйхатга киритилмаган.
Инглиз тилини билиш даражаси бўйича кучли учликдан Нидерландия, Австрия ва Дания ўрин олган.
Рейтинг муаллифларининг таъкидлашича, 2020 йил билан таққослаганда, 30 ёшдан катталарда ўсиш кузатилган, 40 ёшлилар эса биринчи бор ўртача тил билиш даражасига киритилган. Бу каби тенденция катта ёшли инсонлар касбий фаолияти давомида тил кўникмаларини эгаллай олиши мумкинлигини исботлайди.
«2015 йилдан буён 30 ёшдан катталар 21-25 ёшлилар билан таққослаганда, ўзларининг инглиз тилини билиш даражасини уч баробарга яхшилаган», — дейилади изоҳда.