Танзила Норбоева: «Хотинларига зўравонлик қилаётган шахсларга нисбатан кўрилаётган чоралар етарли эмас»

Улашиш:

Сенат раиси Танзила Норбоева 18 ноябрь куни ўтказилган 21-ялпи мажлис давомида аёлларни реабилитация қилиш марказлари, хотинларига зўравонлик қилаётган эрлар ҳақида тўхталиб ўтди.

«ННТ томонидан аёлларни реабилитация қилиш марказлари халқаро стандартлар асосида иш олиб боряпти, биз хотин-қизларга ижтимоий ёрдам беришда уларнинг тажрибасидан ҳам фойдаланишимиз керак. Шунингдек, мазкур йўналишда кадрлар салоҳияти масаласи ҳам муҳим. Кимлар аёлларни реабилитация қиляпти? Кимлар аёлларга психологик, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам беряпти? Бу борада ҳам муаммолар етарли», — деган Танзила Норбоева.

Сенат раиси бугунги кунда ёрдамга муҳтож аёлларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳимоя ордерлари берилаётгани, лекин ўша аёл бир ойдан сўнг зўравон эри билан яна ҳаётини давом эттираётгани, яна қайтадан аввалги салбий ҳолатлар юз бераётганини ҳам қайд этиб ўтган.

«Шунинг учун биз биринчи навбатда бу тоифадаги аёлларни тўлиқ нормал ҳаётга қайтариш чораларини кўришимиз керак. Уларни ‘аёллар дафтари’га киритиб, уй-жой масаласи, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш чораларини кўриш лозим. Бу ҳам инсон ҳуқуқи, аёл ҳуқуқи», — дейди у.

Танзила Норбоева, шунингдек, хотинларига зўравонлик қилаётган шахсларга нисбатан кўрилаётган чоралар етарли эмаслигини таъкидлаган.

«Хотинларига зўравонлик қилаётган шахсларга нисбатан кўрилаётган чоралар етарли эмас. Гарчанд улар қонунчилигимизда белгиланган бўлишига қарамай. Шундай бўлса ҳам бу бўйича ишларни тизимли назоратга олиш керак», — деган Сенат раиси.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.