Кинематография агентлиги ўзбекистонлик талабаларни қўллаб-қувватлашда давом этади

Улашиш:

Бутунроссия Давлат кинематография институтида ўтказилган талабалар фестивалининг ёпилишида қатнашган Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги делегацияси вакиллари бу ерда ўқиётган талабалар билан учрашишди.

Ўзбекистон ва Россия ўртасида кинематография соҳасини ривожлантиришдаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов билан суҳбатлашдик.

–Ўзбекистон делегацияси ташрифидан кўзланган мақсад нималардан иборат?
– Ўзбекистон делегацияси ВГИК 41-халқаро талабалар фестивалида қатнашиш учун келган. Биз аввало ВГИКка ўқишга кирган ўғил-қизларимиз билан учрашиб, уларнинг ўқиш ва яшаш шароитлари билан танишмоқчи эдик. Москвада яшаш осон эмаслигини яхши биламиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан хорижда ўқиётган талабаларимизни қўллаб-қувватлаш учун дастурлар жорий қилинмоқда. Агентлик ҳам улар учун махсус стипендиялар ажратишга қарор қилди.

Бундан ташқари, ВГИК ректори Владимир Малишев билан ҳамкорликда кинолойиҳалар яратиш, талабаларимизнинг курс ишлари мавзусини Ўзбекистонга бағишлаш ва шу ерда суратга олиш ҳақида ҳам келишиб олдик. Талабаларимиз таътилда Ўзбекистонга қайтишади, «Ўзбекфильм»да амалиёт ўташади. Айтиш жоизки, уларнинг амалиёт иши, кинолойиҳалардаги иштироки ва йўл харажатлари учун пул тўланади. Бундан ташқари биз яна бир фахрий вазифани бажариш учун келдик. Куни кеча В.Малишевга Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан «Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишонини ҳам тантанали равишда топширдик. ВГИКка эса, Ўзбекистон ҳукумати номидан фахрий ёрлиқ топширдик.

–Жорий йилда россиялик киноижодкорлар билан ҳамкорликдаги бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Бу фильмлар қачон намойиш этилади?

–Кинематография агентлиги томонидан Россиянинг учта етакчи кинокомпанияси билан ҳамкорликда – «Вега» кинокомпанияси билан «Парининг совғаси», «Инферно» билан «Барон. Қайтиш», «Спутник восток продакшн» билан «Қуёш таъми» сингари кинолойиҳалар устидаги ишлар муваффақиятли давом эттирилди. Албатта пандемия билан боғлиқ муаммолар ишимизга бир мунча халал берди. Аммо тез орада катта экранларда ушбу фильмларнинг тақдимотини ўтказмоқчимиз.

–Россиялик ҳужжатли кино усталари билан ҳамкорлик ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

–Жорий йилнинг ўзида россиялик бир қатор ҳужжатли кино усталари Ўзбекистон ҳақида қатор фильмлар тайёрлашди. Жумладан, яқинда «Россия-24» телеканалида «Мастерская» кинокомпанияси билан «Энг янги тарих» ҳужжатли фильми намойиш қилинди. «Россия-1» телеканалида «Документалист» кинокомпанияси билан ҳамкорликда «Ўзбекистон: ўтмиш, бугун, келажак» номли фильм намойиш қилиниши кутилмоқда. «Мир» телекомпанияси томонидан «Ўзбекистон. Ҳамдўстлик бўйича навбатчи» ҳамда «Мустақиллик. Миссия бажарилди» ҳужжатли фильмлари суратга олинди.

Шу ўринда «Россия-Культура» телеканали билан ҳамкорлик самаралари ҳақида тўхталиб ўтмоқчи эдим. Улар билан ҳамкорликда «Ўзбекистон. Тикланиш» номи остида «Асрлар қаъридан мактублар», «Дастурхон ҳарорати ва саховати», «Ўзбекистон. Қуёшли маданиятлар чорраҳаси», «Қуёш остидаги макон», «Шарқ дурдонаси тонги», «Ипак йўли дурдонаси» сингари фильмлар яратилди.

–Агентлик томонидан янги кинолойиҳалар бўйича ҳамкорлик юзасидан келгуси йил учун йўл харитаси шаклланган бўлса керак?

Куни кеча Москвада ишчи номи «Гладиатор» бўлган янги фильм продюсери Елена Твердохлебова билан учрашиб, «Гладиатор» кинолойиҳаси ҳақида ҳам суҳбатлашдик. Драма жанрида суратга олинадиган бу фильмда тошкентлик ёш боксчи Борзенконинг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилинади. Фильмда бош қаҳрамонннинг Иккинчи жаҳон урушидаги қаҳрамонликлари, унинг Бухенвальд концлагерида бошидан кечирганлари акс эттиради. Бу ерда у ўз жонини гаровга тикиб, рингга чиқади. Орадан йигирма йил ўтиб, у Тошкентга қайтади. Бу ерда тиббиёт соҳасида ўз фаолиятини давом эттириб, беморларини ҳаётга қайтаради.

–13-Халқаро Тошкент кинофестивалида бир қатор ҳужжатлар, жумладан режиссер ва продюсер Тимур Бекмамбетов билан ҳам меморандум имзоланган эди. Бу йўналишда нима ишлар қилиняпти?

–Ушбу йирик лойиҳага кўра, ажратиладиган инвестициянинг катта қисми Тошкентда Анимация мактабини очишга йўналтирилади. Кейинчалик бу мактаб студиялари «Насриддин саргузаштлари» номли анимацион фильм лойиҳасига ҳам жалб қилинади. Мазкур фильмни ишлаб чиқариш билан Тимур Бекмамбетовнинг «Базелевс» ҳамда Қозоғистоннинг «Қозоқфильм» студиялари шуғулланади.


–Яна талабаларни қўллаб-қувватлаш масаласига қайтадиган бўлсак, ВГИКнинг Тошкент филиали талабалари учун қандай хушхабарлар бор?

–Хабарингиз бор, ушбу филиал Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 августдаги махсус фармойишига асосан ташкил қилинган. Айни пайтда ушбу филиалда иккита факультет фаолият олиб бормоқда. Талабаларнинг ярми давлат гранти, қолганлари тўлов-контракт асосида таълим олади. Мазкур таълим масканини янада кенгайтириш ниятидамиз. Эндиликда ҳамюртларимиз ҳам Москвада, ҳам Тошкентда шу йўналишда таҳсил олшлари мумкин. Таълим жараёнида асосий эътиборни амалиётга қаратамиз. ВГИКнинг Тошкент филиалида замонавий техникалар билан жиҳозланган «Ёшлар студияси» ва ижодий лаборатория ишлаб турибди. Бошланғич муаллифларга қисқа метражли фильмларини суратга олишлари учун грантлар ажратилмоқда. Ҳудудлардан зарур балларни жамлаб, тўлов шартларини бажаришга қурби етмайдиган абитуриентлар учун мақсадли грантлар йўлга қўйилади. Умуман олганда, ВГИКда ва унинг Тошкент филиалида ўқиётган талабалар билан ҳамкорлик қилиш Президентимизнинг талабаларга таълим бериш ва малакасини ошириш билан шуғулланадиган давлат органларини қўллаб-қувватлаш бўйича ташаббусларига мос келади.

Олиб борилаётган ишлар Ўзбекистон кино санъати ва саноатини янги босқичга кўтаришига ишончим комил.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.