Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 ноябрдаги “Биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ- 4899 сонли қарорига мувофиқ, 2021 йилнинг 23-24 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида жойлашган “Ўзбекистон” меҳмонхона комплексининг анжуманлар залида “ТошBЗИТИ: кеча, бугун ва эртага” халқаро илмий-амалий анжумани ўтказилади.
Ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилувчи мазкур анжуманда Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг вакцина ва зардоблар, иммунобиологик препаратлар, дори воситалари, тиббий жиҳозлар, юқумли касалликларга қарши воситалар, биологик фаол моддаларни ишлаб чиқиш, яратиш ва синаб кўриш борасида фаолият кўрсатаётган илмий муассасалари, ишлаб чиқарувчилари, экспертлари ҳамда тиббиёт, биология, биотехнология, фармацевтика ва бошқа соҳаларда фаолият кўрсатаётган олимлар, изланувчилар, курсантлар, талабалар, амалиётчилар, ишлаб чиқарувчилар иштирок этиши кутилмоқда (жами 120 нафардан ортиқ).
Анжуман мақсади: Вакцина ва зардоблар, иммунобиологик препаратлар, дори воситалари, тиббий жиҳозлар, юқумли касалликларга қарши воситалар ҳамда биологик фаол моддаларни ишлаб чиқиш, яратиш ва синаб кўриш борасида етакчи олимлар томонидан олиб борилган фундаментал, амалий ва илмий изланишларнинг натижаларини тақдим этиш.
Анжуман ташкилотчилари: Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти.
Иштирокчиларни рўйхатга олиш: 23 ноябрь, соат 08.30-09.30 да бўлиб ўтади.
Анжуманнинг расмий очилиши: 23 ноябрь, соат 09.30 га белгиланган.