Тошкентда Президент кутубхонаси қурилади

Улашиш:

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида 22 ноябрь куни Тошкент шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди.

Улардан бири — Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи бўлиб, Адиблар хиёбонига туташ ҳудудда қурилади. Мажмуа музей билан бирга илмий тадқиқот маркази, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, мактаб ва ётоқхонани ўз ичига олади. Лойиҳага ажратилаётган умумий ер майдони 4 гектарга яқин ҳудудни ташкил қилади.

Шунингдек, Миллий боғ яқинида Президент кутубхонаси қурилиши ҳам режалаштирилмоқда. У 4 қаватли бўлиши, бир вақтда 1 минг 400 дан зиёд ўқувчига хизмат кўрсатиши кўзда тутилган.

Кутубхонада 1 млн 500 мингта китоб сақланиши билан бирга электрон адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари ҳам бўлиши кутилмоқда.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.