Кеча Жиззах вилоят мактабгача таълим бошқармаси ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик кенгаши аъзоларини таништириш ҳамда мактабгача таълим муассасаларида амалдаги Васийлик кенгашларининг фаолиятини тугатиш, улар ўрнига Кузатув кенгашларини ташкил қилиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Кенгаш томонидан мактабгача таълим тизимида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шунингдек, давлат, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида жамоатчилик фикри ва манфаатларини ҳисобга олиш, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонун ҳужжатлари талаблари ижросини таъминлаш, мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш, болаларни соғлом овқатлантириш тизимида ва ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни рўёбга чиқариш бўйича давлат органи ва унинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш механизмини яратиш борасида фикр алмашилди.
Шу билан бирга, бошқарма мутасадди ходимлари томонидан жамоат кенгаши нодавлат, нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорликни таъминлаш учун тизимнини фуқаролар билан боғлаб турадиган «кўприк» ролини бажариши муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан баёнот берилди ва ушбу жамоат кенгаши раиси этиб “Жиззах овози” газетаси бош муҳаррири Донишев Саид Иброҳимович тайинланди. Шунингдек, жамоатчилик кенгаши таркиби тўлиқ ўқиб эшиттирилди ва улар зиммасидаги вазифалар юзасидан тушунча берилди. Жамоатчилик кенгашининг келгусида бажариладиган иш режаси, фаолияти, мақсадларини аниқ белгилаб олиш, унинг фаолиятини тўғри йўлга қўйиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Тадбирда сўз олган вилоят Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Феруза Солиева Кенгаш аъзолари ва ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.
Шундан сўнг 27-июнь “Матбуот ва ОАВ ходимлари куни” муносабати билан тизим билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган журналист ҳамда блогерларга бошқарма томонидан тайёрланган эсдалик совғалари топширилди.