Депутат ҳамма аёлларга туғруқ ва туғиш бўйича нафақа беришни таклиф этди

Улашиш:

ХДП депутати барча хотин-қизларга туғруқ ва туғиш бўйича давлат томонидан кафолатланган нафақа тўлашни таклиф этди. Бу ҳақда Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Улуғбек Вафоев муаллифлигида партия сайтида эълон қилинган мақолада айтилмоқда.

«Бугунги кунда бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси давлат томонидан тўланмоқда. Нодавлат ташкилотларда бундай нафақа иш берувчилар томонидан тўланиши белгиланган. Аммо амалда аксарият иш берувчилар ходимлар, аёллар, оналар олдидаги бу мажбуриятни бажармаяпти», — деб ёзмоқда у.

Фракция фикрига кўра, бу нобюджет соҳадаги иш берувчилар томонидан аёлларни ишга қабул қилмасликка (айниқса, ҳомиладорлик даврида) ва аёлларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқининг чекланишига сабаб бўлмоқда. Ишламайдиган аёллар бу нафақани олмайдилар. «Бу ҳолат аҳолида саволлар туғдирмоқда», — қайд этди депутат.

«Барча аёллар учун ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа ходим давлат ёки нодавлат ташкилотда ишлашидан қатъи назар кафолатли равишда давлат томонидан тўланиши лозим. Буни амалга оширишнинг энг ишончли ва мақбул йўли — нафақанинг давлат томонидан тўланиши ҳисобланади. Партиямиз депутатлари ҳукуматга мана шу таклифни ҳам берди», — таъкидлади Улуғбек Вафоев.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.