Экология қўмитаси ҳисобига ундирилган 1млрд 891,3 млн сўм маблағ фақат қоғоздами?

Улашиш:

Яккасарой туманидаги Юнус Ражабий кўчасида кесиб ташланган 81 та дарахт воқеаси кўпчиликнинг ёдида бўлса керак.

Ўшанда, яъни 2020 йилнинг февраль ойида дарахт кесишга қарши мораторий талабларига зид равишда кўп йиллик, қимматбахо дарахтларни кесиб ташлаган «Building and Supplies» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилганди.

Оммавий ахборот воситалари прокуратура маълумотларига таяниб дастлабки терговда айбланувчилардан 1 млрд 891,3 млн сўм зарар ундирилганлигини билдирган. Кўпчилик қатори менга ушбу ишнинг якуни нима бўлгани қизиқ. 

Шу боис, Экология ва атроф муҳитни мухофаза қилиш давлат қўмитасига ундирилган 1 млрд 891,3 млн сўмни нималарга ишлатишгани, Тошкент шаҳар прокуратурасига эса жиноят иши нима бўлганини билиш мақсадида расман мурожаат юборгандим.

Қизиқ ҳолат: Экология ва атроф муҳитни мухофаза қилиш давлат қўмитасининг билдиришича, табиатга етказилган зарар учун ундирилган 1 млрд 891,3 млн сўм қўмитага берилмаган ва шу кунга қадар Тошкент шаҳар прокуратурасининг депозит ҳисоб рақамида сақланмоқда.

Шунча вақт депозит ҳисоб рақамида пулни ушлаб туриш тўғрими, деган саволга молиячилардан жавоб олаяпмиз.

Шу йилнинг 9 ноябрида юборилган мурожаатимизга Тошкент шаҳар прокуратураси ҳозирча жавоб бермади. Менимча мурожаат чуқур ўрганилаётган бўлса керак.

Расул Кушербаев
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.