Сув хўжалиги ва ирригация соҳаси мутахассиси, эколог, Марказий Осиё иқтисодий ҳамкорлик институти директорининг ўринбосари Искандар Абдуллаевнинг фикрича, Ўзбекистоннинг қуриб бораётган кўллари бутун минтақа учун муаммо бўлиб, республикамиз масъулиятни ўз зиммасига олиши ва мураккаб қарорлар қабул қилиши керак бўлади.
Эслатиб ўтамизки, яқинда Сенатнинг ялпи мажлисида Айдар-Арнасой кўлллар тизимини Орол денгизининг тақдири кутаётгани маълум бўлди, чунки сўнгги йилларда бу ерда сув сатҳи икки метрга пасайиб, шўрланиш сезиларли даражада ошган. Бу кучли шамол пайтида туз ва чангнинг кўп километрларга кўчирилишига олиб келади.
Batafsil.uz. мухбири билан қилган суҳбатида Искандар Абдуллаев бу вазиятни қуйидагича изоҳлаб берди.
"Бу кўлларнинг барчаси сунъийдир. Бир вақтлар бундай пасттекисликларга сув ташлардик ва оқибатда юзлаб кўл ва кўл тизимларини яратдик. Улар ўтган аср давомида яратилган ва бу муаммони дарҳол ҳал қилишнинг имкони йўқ. Сув кам бўлса, бундай кўллар озуқа олмайди ва қуришни бошлайди, натижада атроф-муҳитга туз ва қум кўчириш хавфини туғдиради. У ерда йиллар давомида ўз экотизими шаклланган, энди эса мазкур экотизим бузилмоқда ва яна бир муаммога сабаб бўлмоқда", - дея қайд етди эксперт.
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда ортга қайтишга йўл йўқ ва ҳукумат мураккаб қарорлар қабул қилиши, масалан, катта сув ҳавзаларини қутқариш учун кичикларидан воз кечиши керак. Абдуллаевнинг қўшимча қилишича, вақт аллақачон ўтиб кетган, барча кўлларни сақлаб қолиш учун сув етмайди, ва ҳокимият янада орқа сурса, йирик ҳавзалардан маҳрум бўламиз.
"Биринчидан, бундай кўлларнинг реестрини яратиш ва улар учун қанча сув кераклигини, табиат ва иқтисодиёт учун қандай роль ўйнашини тушунишимиз керак. Иккинчидан, қишлоқ хўжалигида, саноатда сувни тежаш имкониятларини топиш ва тежалган сувни биринчи навбатда Орол денгизига ҳамда муҳим табиий ва сунъий кўлларга йўналтириш лозим. Бу сув ҳавзалари муаммоларини ҳал қилишнинг ягона йўлидир. Кичик кўлларни қуритиш ва уларнинг тубида ўсимликларнинг тузга чидамли навларини экиш лозим. Энг асосийси, буларнинг барчаси тизимли равишда олиб борилиши керак", - дея таъкидлади эксперт.
Абдуллаевнинг фикрича, бу кўллар нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун муаммо туғдирмоқда.
"Ҳукумат аста-секин қўшнилари билан музокаралар олиб бориши керак, улар ҳам бу каби "бомбалар" минтақанинг бутун экотизимини портлатиши мумкинлигини тушунишлари керак. Бу масалада жамоавий, жумладан, бутун Марказий Осиё минтақасидаги ёндашув ҳам зарур, чунки шамол туфайли кўчаётган чанг ва тузлардан ҳамма азият чекади", - дея таъкидлади у.