Агарда сиёсий ирода бўлмаса, бу масалалар ҳеч қачон ҳал этилмайди. Бахтиёр Эргашев қирғиз-тожик чегарасидаги можаро ҳақида

Улашиш:

Афсуски, сўнгги уч ўн йилликдаги Марказий Осиёда чегара можаролари фавқулодда ҳодиса эмас, балки одатий ҳолга айланди. Совет Иттифоқидан мерос бўлиб ўтган янги республикаларнинг чегаралари турли даражадаги жадалликда доимий тўқнашувларга сабаб бўлмоқда. Бироқ, Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити пайтида қирғиз ва тожик ҳарбий хизматчилари ўртасида юз берган тўқнашувлар ўзининг суръати, қурбонлар сони ва вайроналари билан кишини ҳайратга солмоқда.

Batafsil.uz. мухбири “Ma'no” тадқиқотли ташаббуслари маркази директори Бахтиёр Эргашев билан суҳбатлашиб, нима учун бу сафар чегара можароси деярли кенг миқёсли урушга айлангани, бу Марказий Осиёдаги интеграция жараёнларига қандай таъсир қилиши ва бизнинг чегарамизда ҳам шундай ҳолат юз бериш эҳтимоли ҳақида сўради.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, айни пайтда Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги зиддият доимий авж олиш мантиғига мувофиқ ривожланмоқда. Буни ишлатилган қуролларнинг доимий равишда кўпайиб бораётгани исботламоқда. Бу гал бир нечта ракета тизимлари ва жанговар дронлар қўлланилган; шунингдек, инфратузилма объектларининг вайронага айлангани, бузилган уйлар ва қурбонлар сонининг ошиши кўзга ташланади.

Эргашевнинг сўзларига қараганда, ҳар қандай ҳарбий можаро фитна назарияси учун унумдор майдонга айланади. Дарҳақиқат, турли ижтимоий тармоқларда ва оммавий ахборот воситаларида бу тўқнашувлар ортида ким тургани ҳақида кўплаб фикрлар пайдо бўлди: баъзилар можаронинг авж олишини ШҲТ саммити билан боғласа, бошқалар бунга Россия аралашди, деб ҳисоблайди.

"Агар бирор-бир мамлакат муаммони ҳал қила олмаса ёки ҳал қилишни истамаса, фитна назарияси ўйини бошланади. Бу носоғлом ва бачкана позиция бўлиб, муайян давлатлар раҳбарияти ёки турли манфаатларга хизмат қиладиган мутахассисларнинг нуқтаи назари бўлмаслиги керак", - дейди Эргашев.

Унинг сўзларига кўра, содир бўлаётган барча воқеаларни ҳисобга олган ҳолда объектив фикрлаш ва ҳодисаларни контекстдан юлиб олмаслик лозим.

"Ҳозирги пайтда Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция ўтказаётган Россияга бу муаммолар керакми? Тайвань билан ўз муаммоси бўлган ва Марказий Осиёга доимо стратегик орт сифатида қараган, бу ердаги осойишталикдан манфаатдор бўлган Хитой бу можарога муҳтожми? Бундай саволларни берганингизда, фитна назариялари тарафдорлари уларга жавоб бера олмайдилар", - дея таъкидлади суҳбатдошимиз.

Унинг қўшимча қилиб айтишича, бу каби ҳар қандай можарода ташқи таъсир мавжуд, шунинг учун бундан ким манфаатдор эканини тушуниш керак.

"Хитой ҳам, Россия ҳам ўзининг стратегик ортида ҳарбий можаронинг ёниб туришидан манфаатдор эмас. Россияга қийин бўлиши учун Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёдаги вазиятларни издан чиқармоқчи бўлган бошқа давлатлар бор. Бундай давлатлар сирасига аввало АҚШ ва Буюк Британия бошчилигидаги Ғарбий блок киришини тушуниб турибмиз. Улар буни исташлари шубҳасиздир. Мен мутахассислар грант берувчиларнинг пулларини оқлашлари кераклигини тушунаман, аммо аналитика озми-кўпми объектив бўлиши керак. Фитна назариясидан узоқлашиш ва ҳақиқий сабабларни излашимиз керак", - дея таъкидлади Эргашев.

Унинг фикрича, бу воқеаларнинг асл сабаби Қирғизистон раҳбарияти ва сиёсатчилари ҳам, Тожикистоннинг ҳукмрон режими ҳам қирғиз-тожик чегарасидаги муаммоли қисмларни чегаралаш бўйича тизимли ишларга тайёр эмаслигидадир.

Унинг фикрига кўра, чегара бўйича келишув ҳамма вақт муросадан иборат бўлиши керак. Ҳудудларни ўзаро алмашиш ҳар доим ҳам тенг бўлмаслиги мумкин, ҳар қандай ҳолатда ҳам томонлардан бири чекиниши лозим. Шунинг учун сиёсий ирода ва бу масалани ҳал қилиш истаги талаб этилади.

"Агар сиёсий ирода бўлмаса, унда бу масалалар мураккаблиги ва сиёсий жиҳатдан сезувчанлиги туфайли ҳеч қачон ҳал қилинмайди. Афсуски, иккала томонда бу ирода кўринмаяпти. Улар чегараларни ҳал қилиш мавзусини миллий ғоя масаласига айлантирган. Ушбу йўналишдаги ҳар қандай чекиниш хиёнат сифатида баҳоланади. Улар ўзларини мушкул аҳволга солиб, қандай чиқиб кетишни билмайдилар", - дейди Эргашев.

Мутахассиснинг айтишича, 2017 йилда Ўзбекистон минтақада қарама-қаршиликлардан воз кечиб, ҳақиқий ҳамкорлик ва шерикчилик жараёнини бошлаб юборган. Бу саъй-ҳаракатлар Ўрта Осиё давлат раҳбарларининг консультатив саммитининг пайдо бўлишига олиб келган. 2018 йилдан бери учта шундай учрашув бўлиб ўтган, унда минтақа давлатларини бир-бирига яқинлаштириш бўйича энг муҳим қарорлар қабул қилинган.

"Бундай можаролар орқага урилган пичоққа ўхшайди. Бу масъулиятни ҳамма тушуниши керак. Бу минтақавий ҳамкорлик жараёнларини секинлаштиришга сабаб бўладиган, ушбу саммитларда давлат раҳбарлари томонидан тасдиқланган минтақавий ҳамкорликнинг йўл хариталарида белгиланган иқтисодий ва гуманитар лойиҳаларни амалга оширишга халақит берадиган жуда ёмон жиҳатга айланиши мумкин. Афсуски, бу 2017 йилдан бери кузатилган ижобий жараённи ривожлантиришга хизмат қилмаяпти", - дея таъкидлади суҳбатдошимиз.

Шу билан бирга Эргашевнинг сўзларига кўра, у асло ҳам ваҳимага берилаётгани йўқ. Мутахассис Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги ҳарбий ҳаракатлар бутун минтақанинг портлашига олиб келишига ишонмайди. Бу таҳдидни тўхтатишга қодир бўлган Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия ва Хитой бор. Айни пайтда ҳарбий ҳаракатлар даражаси сезиларли даражада пасайган.

Бахтиёр Эргашевнинг сўзларига кўра, 2017 йилдан бери Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг 10% дан сал кўпроғи ва Тожикистон билан қарийб 30% тартибга солинмаган ҳолатда турибди. Ўтган йилнинг март ойи охирида мамлакатимиз Қирғизистон билан Ўрта-Тўқай ва Андижон сув омборлари ҳудудидаги чегаранинг энг муаммоли ва баҳсли ҳудудларини делимитация қилиш тўғрисида битим имзолаган.

"2021 йил март ойининг охири иккала позиция ўртасидаги фарқни кўрсатди. Ҳамма нарса келишилгандек эди, аммо бир ҳафта ўтар-ўтмас, Қирғизистон томони ушбу шартномани амалга оширишдан бош тортди, сабаби - баъзи бир одамлар ҳудудларни алмашишга қарши чиққан эмиш. Бироқ, Ўзбекистон бу масалани тугатиш учун ўзида сиёсий ирода топди ва жиддий, номутаносиб ҳудудий чекинишларга борди.

Мамлакатимиз бир неча юз гектар ўрнига бир неча минг гектар майдонни берди. Сиёсий ирода мавжуд бўлганда, барча масалаларни ҳал қилиш мумкин. Аммо муаммони ҳал этиш ички сиёсий фитна даражасига кўтарилса ва турли сиёсий гуруҳлар жамиятни қўзғаб, бу масалани ўз манфаатлари йўлида ишлата бошласа, унда ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди", - дея таъкидлади у.

Шу билан бирга, мутахассиснинг фикрича, ҳозирда ўзбек-тожик чегараси масаласида ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда.

"Ўзбекистон ва Тожикистон яқин бир – бир ярим йил ичида бутун чегара чизиғини делимитация қилиш бўйича тўлақонли келишувга эришиши мумкин. Бутун жараён ички сиёсий савдолашиш мавзусига айланмаса, албатта масала жойидан силжийди ", - дея хулоса қилди сиёсатшунос.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.