Қирғизистон–Тожикистон зиддияти: калаванинг учи топилгандек...

Улашиш:

 Чегарада ҳамон хавотирли вазият ҳукмрон. Фото: “Getty Images”
Қирғизистон ҳамда Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашувларни минтақа давлатлари хавотир билан кузатмоқда. Гарчи Бишкек ва Душанбе ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишувга эришган бўлса-да, ҳар икки томон бир-бирини битим шартларини бузишда айбламоқда. Хўш, зиддиятнинг асл сабаби нимада? Ушбу ихтилофда Кремлнинг қўли бор деган фаразлар қанчалик тўғри? Зиддият кенг кўламли урушга айланиб кетиши мумкинми? Марказий Осиё минтақаси бўйича эксперт, сиёсатшунос Аркадий Дубнов  «Новая газета» нашрига берган интервьюсида шу каби долзарб саволларга жавоб берган.

А.Дубновга кўра, Қирғизистоннинг янги раҳбарияти сўнгги пайтларда Ўзбекистон ҳамда Тожикистон билан чегара зиддиятларини ҳал этишга уринмоқда. Аммо бу борада Тожикистон муросасиз позицияни тутмоқда: бир қарич ҳам ер берилмайди, ҳудудлар ўзаро алмашилмайди ҳам!

«Воқеалар шундай шиддатли тус олдики, пировардида оғир қурол-аслаҳалар қўлланган омонсиз ҳарбий уруш юзага келди. Жойлардаги суҳбатдошларим тахминига кўра, мазкур операция Тожикистон томонидан аввалдан режалаштирилган ҳолда амалга оширилди. Провокация Тожикистоннинг Ворух анклавига қадар йўлни очиш мақсадида уюштирилди... Мен бу тахминга жиддий ёндашаман. Яқин кунларда бу тасдиғини топиши ҳам мумкин. Чунки воқеалар ривожи тожик стратеглари истаган йўриқда кетмоқда. Ана шунда, Тожикистон оғир техникаси Қирғизистон чегарасида қандай қилиб бу қадар қисқа муддатда пайдо бўлгани ва чегара заставаларига зарба бергани сабаб аён бўлади», – дейди А.Дубнов.

Экспертга кўра, урушда кичик бўлса-да ғалаба қозониш орқали Тожикистоннинг кекса раҳбари обрўсини ошириш кўзда тутилган бўлиши ҳам мумкин.

Қирғизистондаги мактаб жанг оқибатида вайронага айланди. Фото: “Kaktus.media”
Қирғизистондаги мактаб жанг оқибатида вайронага айланди. Фото: “Kaktus.media”

Сир эмас, собиқ СССР минтақасида талайгина чегара можаролари мавжуд. Аввал-бошданоқ иттифоқдош республикалар сарҳадларини белгилашда атайин чалкашликларга йўл қўйилгани, бундан кўзланган мақсад эса келгусида ҳам Москванинг воситачилик ролини сақлаб қолиш экани айтилади.

А.Дубнов ҳам чегаралардаги ихтилофлар большевиклар давридан мерос эканига эътибор қаратади ва бу ҳол суверен давлатлар истиқболига соя солишини қайд этади.

Экспертга кўра, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида кенг кўламли уруш авж олмаслиги аниқ.
«Бу ерда Қорабоғдаги каби жангу жадал рўй бермайди. Томонлар шунчаки тактик масалаларни ҳал этиб олади, холос. Бу шунчаки сиёсий мусобақа», – деб ҳисоблайди А.Дубнов.

Телеграмдаги «Ташқарида» канали муаллифи эса зиддиятда Қирғизистон томони айбдор эканига шама қилади.
«Зўравонлик ҳаракатлари кетидан ҳокимиятга келган Қирғизистоннинг жорий ҳукумати ўзи ожиз деб ҳисоблаган қўшнисига нисбатан ҳам шундай «куч позицияси»дан ҳаракатланиш мумкин деб ўйлаганди, бироқ амалда Тожикистон ҳарбийлари ҳам, сиёсатчилари ҳам анча тартиб билан ўз мақсадига эришмоқда», – деб ёзади у.

Айни чоқда, у қўшни мамлакатлар Қирғизистон ҳукуматининг популистик сиёсати натижалари ва оқибатларидан огоҳ бўлиши лозимлигини уқтиради.
«Ташқарида» канали муаллифи ҳам чегара анклавлари билан боғлиқ можаролар анча чуқур илдизларга эга эканини қайд этар экан, минтақа давлатлари зиддиятларни Кремль аралашувисиз ҳал қилгани маъқул эканини таъкидлайди.

Чегара можаролари большевиклардан қолган машъум мерос саналади.  Фото: “ТАСС”

Чегара можаролари большевиклардан қолган машъум мерос саналади.  Фото: “ТАСС”

«Шундай экан, Марказий Осиё давлатлари ташқи аралашувсиз ўзаро диалог инструментларини ривожлантириши ва кўпайтириши лозим. Жумладан, Россияга энг боғлиқ бўлган минтақанинг икки мамлакати – Қирғизистон ва Тожикистон бир-бири билан Москвасиз, тўғридан-тўғри ёки минтақанинг етакчи мамлакатлари воситачилигида кўпроқ гаплашиб турганида балки фожиа бунчалик йириклашишининг олдини олиш мумкин бўларди», – деб ёзади муаллиф.

Эслатиб ўтамиз, икки қўшни давлат ўртасидаги қуролли ихтилоф 28 апрель куни Исфара дарёси минтақасидаги сув тақсимлаш пунктида тожикистонликларнинг кузатув камераларини ўрнатишга уриниши оқибатида келиб чиқди. Гап шундаки, мазкур ҳудудга ҳар икки томон даъво қилади. Ўзаро тош отишлар қуролли урушга айланиб кетди. Дастлаб икки мамлакат чегара қўшинлари,  кейинроқ тўлақонли ҳарбий қисмлар ва махсус кучлар сафарбар қилинди.

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, чегара зиддиятида қирғиз томонидан 36 киши ҳалок бўлди, 200 га яқин киши жароҳатланди. Расмий Душанбе қурбонлар сонини ҳали очиқламади. Аммо камида 16 киши нобуд бўлгани, 110 дан зиёд одам жароҳатлангани тахмин қилинмоқда. Иккала томонда ҳам уйларга ўт қўйилган, давлат идоралари бинолари талафот кўрган.

Тожикистон–Қирғизистон чегарасида тўқнашувлар аввал ҳам кўп бора кузатилган. Чунки икки мамлакат сарҳадлар борасида бир тўхтамга, аниқ битимга келмаган. 900 километрлик чегаранинг ярми ёки 70 га яқин участка низоли ҳудуд саналади. Тожикистон 1924-1939, Қирғизистон эса 1958-1959 йиллардаги харитани асос деб билади. Қўшнилар сув ресурслари, йўл, яйловлардан фойдаланиш, умуман, чегара масаласида бир-бирини ҳуқуқий меъёрларни бузишда айблаб келади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.