Шавкат Мирзиёев Нодирбек Абдусатторовни табриклади

Улашиш:

Ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов шахматнинг рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпиони бўлди.

МДҲнинг норасмий саммити бўлиб ўтган Санкт-Петербургдан Тошкентга қайтаётган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жаҳон чемпионини ғалаба билан қутлади.
“МДҲнинг норасмий саммити бўлиб ўтган Санкт-Петербургдан Тошкентга қайтаётган самолётда Президентимиз ва бутун делегация тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторовнинг иштирокини катта қизиқиш билан онлайн кузатиб борди.

Давлатимиз раҳбари шахматнинг рапид йўналиши бўйича янги ва энг ёш жаҳон чемпионига ўзининг энг самимий табрикларини йўлламоқда ҳамда унинг ота-онаси ва мураббийларига миннатдорлик билдирмоқда. Баракалла!”, деган Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов.

Маълумот учун, 17 ёшли шахматчи Абдусатторов сенсацион равишда амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсенни мағлубиятга учратди ва уни яққол етакчилик имкониятидан маҳрум этди. 13 та партиядан сўнг Абдусатторов, Ян Непомняший, Магнус Карлсен ва Фабиано Каруана бир хил — 9,5 очко тўплади. Ғолиблик Абдусатторов ва россиялик Непомняший ўртасидаги тай-брекда аниқланди. Тай-брекда Нодирбек ғалаба қозониб (1,5-0,5), жаҳон чемпионига айланди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.