Эндиликда жазони ўтаб бўлган фуқаролар озодликка чиққач тадбиркорлик билан шуғулланишни истаса, уларга давлат томонидан бир марталик ёрдам пакети берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони лойиҳасида сўз боради. Фармон ўтган йилнинг 30 декабрь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Фармон лойиҳасига кўра, жазони ўтаб бўлган фуқароларнинг келгусида жамиятдаўз ўрнини топишига амалий кўмаклашиш учун “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети”ни бериш тизими жорий қилинади.
Ушбу тизим доирасида жазони ўтаб бўлган ва ўзининг аниқ лойиҳасини (тадбиркорлик, ишлаб чиқариш, меъморчилик ва ҳ.к.) тақдим этиб, мустақил фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқароларга бир марталик моддий ёрдам бериш амалиёти йўлга қўйилади.
Фармонга мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги икки ой муддатда “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети”ни бериш тизимини ишга туширишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамаси киритиши керак.