Интерактив харита: охирги йилларда Тошкентдаги йирик давлат активлар кимга ва қанчага сотилди?

Улашиш:

2021 йил сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётининг қарийб 50 фоизини ташкил этувчи 3 мингга яқин объект давлат назоратида эди. Таққослаш учун, АҚШда бу кўрсаткич 11 фоиз, Японияда эса 5 фоиз. 

Вазиятни тўғрилаш учун ҳукумат катта хусусийлаштириш дастурини бошлади. Молиявий сабабларга қўшимча равишда, ҳукумат активларни хусусий мулкка ўтказиш йўли билан корхоналарни самарасиз бошқариш муаммосини ҳал қилмоқчи.

Тайинланган шахс корхонага ўзиникидек муносабатда бўлмайди. Агар биз хусусий секторни ривожлантирмасак, иқтисодий ўсишга эришолмаймиз, шунинг учун иқтисодиётдаги давлат улушини камайтиришимиз керак, — дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов.

Молия вазири Тимур Ишметовнинг айтишича, хусусийлаштиришдан асосий мақсад пул эмас, сифат. Масалан, банклар доирасида хориждан жалб қилинган стратегик ҳамкор бошқаларга ўрнак бўла олади.

2021 йилнинг 8 ойида 4 трлн 500 млрд сўмлик (Марказий банкнинг 9 ноябрдаги курси бўйича 420,8 млн доллар) 619 та давлат активи сотилган. Таққослаш учун, олдинги 3 йилда бу кўрсаткич 45 миллион долларни ташкил қилган.

Ушбу тушумнинг салмоқли қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди ва шаҳар бўйлаб бир қанча йирик объектлар муваффақиятли сотилди. «Дарё» энг диққатга сазоворлари билан интерактив харитани тузиб чиқди:

Тез орада яна бир қанча кўчмас мулк эгалари ўзгаради, бу борада музокаралар олиб борилмоқда ёки ариза берувчилардан аризалар йиғиш бошланган. Улар орасида «Ипотекабанк», «Пойтахт банк», «Ўзагроэкспортбанк», «Hayat» ва «Пойтахт» меҳмонхоналари, Tashkent City парки ва бошқалар бор.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.