Ўзбекистонда майда пуллар камайиб кетмоқда. Бунга сабаб нима?

Улашиш:

Ўзбекистонда майда пуллар миқдори камайиб кетмоқда. Бу ҳақда Марказий банкнинг шарҳидан маълум бўлди.

Бир йил ичида муомалага чиқарилган деярли барча банкнотлар миқдори тушди:

  • 1 000 сўм— 2,1 фоиздан 1,4 фоизга;
  • 5 000 сўм— 16,1 фоиздан 12,7 фоизга;
  • 10 000 сўм — 15,7 фоиздан 14,5 фоизга;
  • 50 000 сўм— 38,8 фоиздан 34,2 фоизга.

Шу давр ичида фақатгина 100 000 сўмлик банкнотлар миқдори кўпайди — 27,3 фоиздан 34,8 фоизга.

Муомаладаги нақд пуллар таркибида йирик банкнотларнинг кўпайиши ортидан банкнотлар умумий сони сезиларли даражада камайди ва 492,4 млн донага ёки 18 фоизга тушди.

2021 йилда банк кассалари ва банкоматлардан берилган нақд пуллар ҳажми 2020 йилга нисбатан 75,3 трлн сўмга ошиши кузатилди. Ушбу ўсишнинг асосий қисми банк карталаридан нақд пул ечиш ҳисобига юзага келди.

Нақд пулга бўлган талабдан келиб чиққан ҳолда муомалага қўшимча нақд пуллар чиқариб борилди. Айрим даврларда эса ортиқча нақд пулларнинг қайтиши ҳам кузатилди.

Шу билан бирга, қайтим пуллари сифатида фойдаланиш учун 2021 йил давомида қўшимча 14,6 млрд сўмлик янги тангалар муомалага чиқарилди. Тангаларнинг умумий нақд пуллар таркибидаги улуши 0,16 фоизга етди.

Майда банкноталар камайиб кетишининг асосий сабаби — муомалада нақд пуллар миқдорини қисқартириш. Бундан мақсад — нақд пулни одамлар учун қулайлигини ошириш.

Майда пуллар миқдори камайиши давом этади

1000 сўмлик пуллар танга шаклига ўтказилса, фойдаланишга қулай бўлади. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов 20 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Айтилишича, келгусида 1000 сўмлик қоғоз шаклида ёки янги банкнота кўринишида муомалага чиқарилмайди.

1000 сўмликни қайта қоғоз шаклида чиқармоқчи эмасмиз. Биз уни аввал танга пул шаклида чиқарганмиз. Минг афсуски, аҳолимиз тангадан кам фойдаланяпти. Энг кўп қўлланиладиган пул белгиларидан бири бу — 500 ва 1000 сўмлик тангалар ҳамда 2000 сўмлик пулимиздир. Шунинг учун ҳам 1000 сўмликни тўлалигича танга шаклига ўтказмоқчимиз. Бу бир томондан муомалани ташкил қилиш билан боғлиқ харажатларини камайтирса, иккинчидан фойдаланишга жуда қулай бўлади, — деди Мамаризо Нурмуродов.

Аввалроқ аҳоли учун нақд пулдаги муносабатларда қулайликлар яратиш мақсадида, 2024 йилда Ўзбекистонда 200 минг сўмлик банкнотларни муомалага чиқариш режалаштирилгани хабар берилган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.