"Наслчилик тўғрисида"ги қонун талабларини бажармай келаётган хўжалик раҳбари маъмурий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилди

Улашиш:

Мамлакатимизда чорвачиликда наслчиликни ривожлантириш ишлари орқали зотдор қорамоллар сонини кўпайтириш масалалари қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинган.

Хусусан, ҳайвонларнинг наслдорлик ва маҳсулдорлик сифатларини яхшилаш мақсадида қабул қилинган 25 моддадан иборат Ўзбекистон Республикасининг "Наслчилик тўғрисида"ги қонуни юртимизда соҳанаи ривожалантиришга қаратилган дастлабки қадамлардан саналади. Қонуннинг янги таҳририда, аниқроғи 7-моддасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг наслчилик соҳасидаги ваколатлари белгилаб берилган. Унга мувофиқ, Инспекция органи зотли моллардан оқилона фойдаланилиши, ҳайвонлар ва уларнинг уруғлари экспорт ва импорт қилиниши, чорвачиликда наслчилик ишларининг ҳисоби юритилиши устидан назоратни амалга оширади. Давлат, идоравий ва хусусий секторлардаги чорвачиликда наслчилик ишлари бўйича мутахассислар фаолияти устидан назоратни амалга оширади, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини зоти бўйича районлаштириш режаларининг бажарилишини текшириб, наслдор ҳайвонларнинг, наслчилик хўжаликларининг ва подаларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини, селекция жараёнида фойдаланадиган наслчилик ресурсларининг келиб чиқиши, маҳсулдорлиги ҳисобга олинишининг тури ва бошқа сифатлари бўйича баҳоланишининг ишончлилиги таъминланиши устидан назоратни амалга оширади.

Чорвачиликда наслчилик ишлари хўжаликларига ер участкалари ажратилиши ва улардан самарали фойдаланилиши, омухта ем корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичларининг доимий назорати ҳам Агроинспекцияга юклатилган. Қонуннинг 9-моддасида эса тизим ходимларининг ҳуқуқлари белгиланган.

"Наслчилик тўғрисида"ги қонуннинг ижросини таъминлаш мақсадида Инспекциянинг Бахмал туман бўлими томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги 575-сон қарори билан тасдиқланган Низом ҳамда ҳукуматнинг "Ҳайвонларни идентификатсия килиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чикариш ва сақлаш тартиби тўғрисида"ги 748-сонли қарори талабларидан келиб чиқиб, мунтазам равишда назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида туман бўлими томонидан соҳада жами 31 та назорат тадбирлари ўтказилиб, шундан 6 таси текшириш тартибида амалга оширилган. Аниқланган 31 та қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан фермер хўжаликлари раҳбарлари номига 29 та кўрсатма чиқарилиб, тегишли мутасадди ташкилот раҳбарларига 2 та тақдимнома киритилган.

-Ҳудуддаги "Жумабоев Ином" фермер хўжалигида текшириш ўтказилганида улар томонидан "Наслчилик тўғрисида"ги қонун, шунинг баробарида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
748-сонли қарори талабларини бажармагани аниқланди, дейди “Ўзагроинспекция”нинг Бахмал туман бўлими катта инспектори Ойбек Мисиров.- Яъни, хўжалик эгалари туманнинг 2021 йилга мўлжалланган чорвачилик дастурида белгиланган сунъий уруғлантириш ишларининг амалга оширилиши ижросига риоя этмасдан келган. Мазкур субъектда сунъий уруғлантириш учун махсус пункт ташкил этилмаган. Бундан ташқари, сунъий уруғлантириш билан шуғулланувчи мутахассис ҳам йўқ бўлиб, хўжаликда боқилаётган мавжуд чорва моллари идентификациядан тўлиқ ўтказилмаган. Оқибатда зот софлиги бузилган.

Қонунбузилишига йўл қўйганлиги учун ушбу хўжалик раҳбари номига ёзма кўрсатма берилиб, маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиши юзасидан огоҳлантириш юборилган.

Фермер хўжалигида жами 38 бош зотдор ва маҳаллий, жайдари қорамоллар парвариш қилинаётган бўлиб, шундан 10 бошини соғин сигирлар, 28 бошини эса ёш тана ва ёш буқалар ташкил этади.

 

"Ўзагроинспекция"нинг Жиззах вилоят бошқармаси

Ахборот хизмати

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.