Ўзбекистон вилоятларидаги ДХМларда ҳам «права» алмаштирмоқчи бўлганлар учун «сўнгги мижозгача» иш режими жорий этилди

Улашиш:

Тошкентдаги қатор Давлат хизматлари марказларида ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштирмоқчи бўлганлар учун «сўнгги мижозгача» иш режими жорий этилгани тўғрисида хабар берилганди. Давлат хизматлари агентлигининг маълум қилишича, республиканинг қатор вилоятларида ҳам шу каби иш режими жорий этилган.

Таъкидланишича, Фарғона, Марғилон, Қўқон, Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Термиз, Қарши, Гулистон, Наманган, Хива, Навоий шаҳарлари ҳамда Андижон, Шаҳрисабз, Қоракўл туманлари Давлат хизматлари марказлари томонидан ҳам эски ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадагисига алмаштириш «сўнгги мижозгача» иш режимига асосан амалга оширилади.

Бунда, юқорида қайд этилган ДХМлар орқали ҳайдовчилар душанба—жума кунлари эрталаб соат 09:00 дан кечгача ҳамда шанба куни соат 09:00 дан 13:00 га қадар хизматдан фойдаланишлари мумкин.

Аҳолига қулай бўлиши учун эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштиришнинг сўнгги муддати 2021 йили декабрь ойидан 2022 йил 31 декабрга қадар узайтирилган ва бу жараён 4-босқичда амалга оширилиши белгиланган. Яъни

  • 2010 йилгача берилганлари — 2022 йил 31 мартгача,
  • 2010—2012 йилларда берилганлари — 2022 йил 30 июнгача,
  • 2013—2015 йилларда берилганлари — 2022 йил 30 сентябргача,
  • 2015 йилдан кейин берилганлари — 2022 йил 31 декабргача.

Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш учун нафақат ДХМларга, балки бевосита ваколатли идора ИИББ ЙҲХБ бўлимларига ҳам мурожаат қилиш мумкин.

«Хизмат кўрсатиш жараёнида ИИВ ахборот тизимида айрим ҳолатларда узилишлар кузатилиши мумкин. Сизлардан ҳам хизматлардан фойдаланишда тартибни сақлашингизни, навбатга риоя қилишингизни ҳамда ўзаро ҳурматни сақлаб, сабрли бўлишингизни сўраб қоламиз», — дейилади хабарда.

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.