Огоҳ бўлинг! One IDда қандай маълумотлар сақланишини биласизми?

Улашиш:

Электрон давлат хизматлари – ҳар томонлама қулай. Шунинг учун ҳам кун сайин my.gov.uz дан фойдаланувчилар сони ортиб бормоқда.

Электрон хизматларнинг афзаллиги нимада?

  • Аввало, узундан-узун навбатларда турмаслик;
  • Аниқ бир соатларда кўрсатиладиган хизматлар учун давлат ташкилотига боришга алоҳида вақт ажратмай, ҳужжат ишларини ва турли тўловларни масофадан туриб амалга ошириш;
  • Энг муҳими, коррупцион ҳолатларга берҳам бериш. Яъни бунда фойдаланувчи давлат ташкилотига тўғридан-тўғри эмас, балки портал орқали мурожаат қилади;
  • 24 соат давомида фойдаланиш мумкинлиги;
  • Ёзма тасдиқлашга ҳожат йўқлиги;
  • Зарур бўлган маълумотларни олиш;
  • Қўллаб-қувватлаш хизмати мавжудлиги;
  • Ўрнатилган тўлов тизимлари;
  • Хизмат олиш натижаси бўйича шикоят қилиш имконияти борлиги...  

...Хуллас, бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин ва бу каби қулайликларга рақамлаштириш орқали эришаётганимизни тан оламиз.

Катта маълумотлар базаларининг яратилиши, электрон ҳукумат доирасидаги инновацияларнинг барча соҳаларга кириб келиши нафақат ҳаёт тарзимизни қулайлаштирди, балки ўзаро муносабатларни ҳам осонлаштирди. Бироқ биз тарози палласида ҳар доим ҳам қулайлик ва хавфсизлик баравар туравермаслигини унутмаслигимиз керак.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёда ўртача 8 миллиард мослама интернетга уланган экан. Шу ўринда савол туғилади, мана шу миллиардлаб қурилмалар эгаларининг маълумотлари хавфсизлиги қанчалик кафолатланган?

Кунига юз минглаб дастурчилар айнан шу масала, яъни ҳар томонлама тўлиқ ҳимояланган ва талабларга жавоб берадиган маҳсулотлар яратиш устида бош қотиришса-да, бир тарафдан киберҳужумчилар бузғунчиликнинг янги йўлларини ўйлаб топишмоқда. Демак, хавф бор!!! Демак, бу мавзу ҳар биримиз учун долзарблигича қолади.

Бугун One ID да қандай маълумотлар сақланиши, мабодо у фирибгарлар қўлига тушиб қолса, бу бизга қанчалик қимматга тушиши ҳамда хавфсизликни таъминлашда нималарга аҳамият бериш кераклигига тўхталамиз.

«Огоҳ бўлган қуроллангандир» деганларидек, бугунги маълумотларимиз ва тавсияларимиз ҳамма учун муҳим!

Билсангиз, One ID – бу нафақат Ягона портал, балки кўплаб давлат ташкилотларининг маълумотлар базасидан хавфсиз фойдаланиш имкониятини берадиган Ягона идентификация тизимидир.

Шунинг учун ҳам субсидия, кредит, кўчмас мулк, кадастр каби юзлаб хизматларга хавфсизлик нуқтаи назаридан мураккаброқ логин ва парол билан мустаҳкамланган One ID тизими орқали кирилади.

Агар фуқароларимиз шахсни тасдиқловчи паспорт маълумотлари ва телефон рақамини бириктирган ҳолда One ID тизимида рўйхатдан ўтиб қўйишса, бошқалар улар номидан иш юритолмайди. Ҳатто шахсни тасдиқловчи паспорт маълумотлари бегоналар қўлига тушиб қолган тақдирда ҳам. Чунки тиклашга уриниш бўлганида, бириктирилган телефонга албатта СМС кўринишида янги парол келади. Фақат уни кимгадир бериб ёки айтиб қўймаслик зарур.

Маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш учун қуйидаги тавсияларимизга қатъий амал қилинг:

  1. One ID дан рўйхатдан ўтмаган бўлсангиз, буни асло кечиктирманг (шундагина бошқа одамлар сизнинг номингиздан рўйхатдан ўтолмайди) Унга ўз рақамингизни бириктириб қўйинг.
  2. Рақамингизга келган СМС кодларни ҳеч кимга берманг, айтманг ва кўрсатманг.
  3. Ўз номингизга битта рақам олинг ва фақат ўшандан фойдаланинг.
  4. Албатта, Электрон рақамли имзо олинг ва уни ишончли жойда сақланг.
  5. Электрон рақамли имзо паролини ҳеч кимга берманг.
  6. One ID тизимидаги аккаунтингизни электрон рақамли имзоингиз билан тасдиқлаб қўйинг. шунда Ягона порталнинг мобил иловасида электрон рақамли имзо талаб этиладиган хизматлардан ҳам бемалол фойдалана оласиз.
  7. Шахсни тасдиқловчи паспортингиздан нусха олишларига асло йўл қўйманг.

Айниқса, сўнгги йилларда интернет орқали бўлаётган кибержиноятлар сони ортаётгани ва минглаб одамлар фирибгарлар тузоғига илинаётганини ҳисобга олиб, фуқароларимизни яна бир бор огоҳликка чақирамиз. Шунингдек, Ягона порталдаги хизматлардан шахсан ўзингиз фойдаланишни ўрганинг, деган тавсияни алоҳида эслатиб ўтамиз.

Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.