Рақамли давлат хизматлари ҳаётимизни қандай ўзгартирмоқда

Улашиш:

 #mening_innovatsion_g’oyam

Ҳаётида бир марта бўлса ҳам давлат хизматларига мурожаат қилмаган инсон бўлмаса керак? Инсон туғилганидан то вафот этгунига қадар бир неча марта бундай хизматлардан фойдаланиб улгуради. Туғилганлик гувоҳномасини олиш, боғча, мактаб, олий таълим, паспорт олиш, ишга жойлашиш, жарималар тўлаш, уй-жойни расмийлаштириш, коммунал хизматларга тўловлар... Эҳҳе бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.

 

Аслида бу каби хизматларни олиш учун илгари ҳар бир муассасада соатлаб вақт йўқотиш аниқ эди. Ҳозирда эса улардан онлайн фойдаланиш, ҳатто лаҳзада тўловларни амалга ошириш имконияти яратилган.

 

Дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибаси асосида давлат хизматлари рақамли кўринишда фуқароларга тақдим этиляпти. Бунинг учун айрим талаблар ва тўлдирилиши лоҳим шакллар мавжуд холос. Қолгани ақлли технологиялар имконияти билан ваколатли идораларда бир зумда намоён бўлади.

 

Илк бор 2012 йилда “Электрон ҳукумат” иборасини эшитганимда бироз ғалати сўз эканми деб ўйлаганман. Ҳеч замонда ҳукумат ҳам электрон кўринишда бўлармикан деган саволни ўзимга ўзим берган эдим. Ўша вақтда қўшни Қозоғистонда хизматлар онлайн кўринишда бериш аллақачон бошланган эди. Ваҳоланки Ўзбекистон ҳам қўшнилардан қолишмаган ҳолда хизматларни онлайн кўринишга ўтказа бошлади. Натижада юқорида айтилган хизматларнинг аксаридан интернет платформаларида фойдаланиш имкони юзага келди.

 

Бугун смартфонга ўрнатилган иловалар замонавий дунё кишилари қатори ўзбекистонликларнинг ҳам ҳаётини енгиллаштирмоқда. Замонавий биноларда фаолият юритаётган давлат хизматлари марказларига ташриф буюраётганлар ҳам хизматлардан бир зумда фойдаланиб, юмушларини битириб олишмоқда. Ваҳоланки, бундан 4 йил олдин ташкил этилган Давлат хизматлари агентлиги тизими қисқа вақтда талаб қилинадиган ҳужжатларни 181 тадан 86 тагача камайтирилишига эришилди.

 

2017 йилда Давлат хизматлари  ишга туширилгандан бери электрон форматга ўтказилган хизматлар рўйхати деярли 10 баравар кўпайди. Албатта, давлат хизматлари рақамлаштиришнинг ўз режасига эга, аммо муҳим дақиқаларда энг кераклиларини муддатидан олдин ишга тушириш мумкин. Ўтган йили жадал рақамлаштириш COVID-19 нинг тарқалиши ўз-ўзидан электрон форматдаги хизматларга эҳтиёж мавжудлигини кўрсатди. Чунки одамлар кўплаб долзарб масалаларни уйдан туриб ҳал қилишлари учун электрон давлат хизматлари фойдали эканлиги аён бўлди. 

Зеро, бугунга келиб 160 дан ортиқ хизмат турларидан биргина бинодан чиқмаган ҳолда, ортиқча югур-югурларсиз фойдаланиш мумкин. Энг асосийси, уларда ҳеч қандай таниш-билишчиликка, таъмагирликка йўл қўйилмайди. Шу йилнинг 1 июнидан бошлаб эса ушбу хизматлар тури яна тўрттага кўпайди. Хўш, булар нималардан иборат:

Булар:

– фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақани тайинлаш;

– дафн маросими учун нафақа тайинлаш;

– пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжудлиги ҳақида маълумотнома бериш;

– пенсия ва нафақа миқдори тўғрисида маълумотнома бериш.

Мазкур хизматлар шу кунга қадар Давлат хизматлари марказлари томонидан экспериментал тарзда вақтинчалик маъмурий регламентларга асосан кўрсатилиб келинаётган эди. Бу билан хизмат олувчиларга бир қанча қўшимча қулайликлар яратилди. Хусусан, фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа, дафн маросими учун нафақа, пенсия ва нафақа миқдори тўғрисида ҳамда пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжудлиги ҳақида маълумотномалар олиш учун фуқаролар олдин фақат доимий яшаш ҳудудидаги Пенсия жамғармасининг бўлимига мурожаат қилишган.

Эндиликда эса, ушбу хизматлардан фойдаланиш учун фуқаролар ўзларига яқин ҳудудда жойлашган исталган Давлат хизматлари маркази ёки уйдан туриб my.gov.uz портали орқали онлайн-ариза беришлари мумкин. Шунингдек, мазкур турдаги нафақалар олдин 1 иш куни ичида тайинланган бўлса, эндиликда ушбу муддат 5 дақиқага қисқартирилди.

Авваллари фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақани тайинлаш учун фуқаролардан ариза олиб қолиниб, унга паспорт нусхаси, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома нусхаси, ФХДЁ органи томонидан берилган маълумотномалар илова қилинган бўлса, эндиликда биргина сўровномани тўлдиришнинг ўзи кифоя. Энг муҳим, мазкур давлат хизматлари фуқароларга бепул кўрсатилади.

 

Тезлаштирилган режимда кўп болали оилаларга моддий ёрдам сўраб мурожаат қилиш, бандликка кўмаклашиш марказларида рўйхатдан ўтиш ва ишсизлик нафақасини тўлаш ҳам рақамлаштирилди. Имтиёзли ипотека кредити олиш учун аризаларни рўйхатга олиш ҳам рақамлаштирилди. 

 

Давлат хизматларини рақамлаштиришни битта тезисга қисқартириш мумкин - фуқароларга максимал қулайлик яратиш. Фуқаролар бугун вақтларини беҳуда ўтказиб, давлат идораларига боришлари, навбатда туришлари шарт эмас. Керакли хизматларни олиш тартиби жуда оддий, ҳамма нарса аслида бир жойда ва “ягона ойна”да ишлайди. Келажакда деярли барча давлат хизматлари бир жойда жамланади ва сизда “Қаерга бориш керак...?” деган савол қолмайди. Фақат битта жавоб бор - Давлат хизматларига.

 

Давлат хизматлари агентлиги эса максимал даражада инновацион ечимларга эга хизматларни фойдаланувчиларга тақдим этиб келади. Шунингдек, блокчейн тизимини ишга тушириш орқали ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шахсга оид маълумотларни сир сақлаш ва ҳимоялаш тизими жорий этилмоқда.  Бу орқали агентлик тизимидаги барча серверларга бўладиган таҳдидлар ва ҳакерлик ҳужумларини олди олинади.

 

Blockchain – шубҳасиз бу охирги ўн йилликнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги энг истиқболли кашфиётидир. Бу, ахборот хавфсизлиги тизимларининг ривожланишида инқилобий ўзгаришларни содир этиб, узоқ йилларга хавфсиз Интернетни таъминлашидан умидларимиз катта.

 

Сирожиддин Баратов – ДХА Жиззах вилоят бошқармаси

Рақамлаштириш бўлими бош маслаҳатчиси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.