Арнасойликларга “Электрон ҳукумат” имкониятлари тарғиб этилди

Улашиш:

Бугунга қадар аҳолига хизмат кўрсатиш сифати ва тезлигини ошириш мақсадида ҳукумат, давлат идоралари томонидан кўплаб ишлар амалга оширилди. Бунда замонавий технологиялардан ҳам кенг кўламда фойдаланиш ўз самарасини бермай қолмади.

Жумладан, ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) нинг ишга туширилиши бу борада амалга оширилган энг катта ишлардан бири бўлди десак, янглишмаган бўламиз. Бундан ташқари, нотариус тизимида йўлга қўйилган электрон тўлов, онлайн тарзда навбатга ёзилиш ва шу кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Давлат идораларида рўй бераётган бундай ўзгаришлар бошқаларга ҳам намуна вазифасини ўтаб беряпти. Яъни, аҳолига хизмат кўрсатишда ахборот технологияларининг жорий қилинишидан ҳар икки томоннинг ҳам манфаатдор эканлигини бугун кўпчилик англаб етмоқда.

Арнасой туман давлат хизматлари маркази томонидан туман ҳокимлиги биносида тумандаги барча корхона ва ташкилотларга 2020 йил “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” йили муносабати билан «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 июндаги 188-сон қарорига асосан семинар ташкил этилди.

Семинарда “Электрон рақамли имзо калити ва унинг аҳамияти” ҳақида сўз борди. Семинарда электрон рақамли имзо калитлари йўналиши бўйича республикамизда ривожланиш истиқболлари ҳамда ташкилотларда ахборот хавфсизлиги бўйича юзага келаётган муаммо ва таҳдидларни олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди. Семинар якунида тингловчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

Жавлон Алматов  -

Арнасой туман Давлат хизматлари маркази директори

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.