Ўзбекистонда “Электрон ҳукумат” тушунчаси мактаб дарсликларига киритилганига ҳали кўп бўлмади. Шу сабабли айнан информатика дарсларида бу борадаги билимларни бериш бугун ўқитувчининг зиммасида. Лекин Давлат хизматлари агентлиги тизимида ишлаётган ҳар бир ходим электрон ҳукумат тизими билан бевосита тўқнаш келаётган фуқаролар саналади. Шу сабабдан Давлат хизматлари марказлари ходимлари ўз ҳудудларидаги таълим муассасаларига чиққан ҳолда 11 синф ўқувчиларига “Электрон ҳукумат” тушунчаси, у қандай ишлайди ва асосий мақсади нимадан иборат эканлиги борасида тушунчалар бермоқдалар.
Бугун Мирзачўл туман ДХМ ходими С.Ражабов тумандаги 18-мактабда дарс машғулотларини ўтди. Унда электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш аҳоли, бизнес ва давлат ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйишнинг энг муҳим омилларидан экани қайд этилди. Шунингдек, электрон ҳукумат соҳасида амалга оширилаётган энг яхши инновацион ва амалий ечимларни татбиқ этиш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар ҳақида ўқувчиларга сўзлаб берди.
– Мамлакатимизда электрон ҳукумат тизимига ўтиш 2013 йилда бошланган бўлса, 2017 йилдан ДХА тизимига жорий этилмоқда, – деди Мирзачўл туман ДХМ ходими С.Ражабов. – Ҳозирги кунда тизимни жорий қилиш ва такомиллаштириш борасида муайян тажрибага эгамиз. Лекин шу билан бирга, замонавий инновацион ечимларни амалиётга татбиқ этиш борасидаги халқаро тажрибани ўрганиш, унинг мақбулини танлаб олиш ва қўллаш мақсадга мувофиқдир. Ташкил этилган тадбирда ўқувчиларга бу борадаги илк тушунчаларни бермоқдамиз.
Айни пайтда Мирзачўл туманидаги 12 та ҳудудда 20 та мактаб фаолият юритмоқда. Мирзачўл туман далват хизматлари маркази ва Туман Халқ таълими бўлими ўртасида тузилган режага кўра мактабларнинг юқори синф ўқувчилари учун “Информатика ва ахборот технологиялари” фанининг ўқув дастурига мувофиқ “Электрон ҳукумат” тизими хизматларидан фойдаланиш, талаб энг юқори бўлган давлат хизматларини АКТдан, шу жумладан, ЯИДХП ягона порталдан фойдаланган ҳолда олиш кўникмалари ўргатилади.
ДХА Жиззах вилоят бошқармаси ахборот хизмати