Windows'га ички ўрнатилган иловалар яна иккитага кўпайди

Улашиш:

Windows 11 Dev Channel инсайдерлари навбатдаги 22572 версия янгиланишини иккита янги илова билан қабул қилишди. Улардан бири Clipchamp - таниқли онлайн видео таҳрирлаш хизмати бўлиб, ўтган йили Microsoft бу хизматни сотиб олганини эълон қилган эди. 

Windows 11 чиқарилганида эса Clipchamp иконкаси Start менюсида мавжуд эди ва унга босилганида Clipchamp веб илова сифатида юклаб олинар эди. Эндиликда сиз иловани юклаб олинишини кутиб ўтирмайсиз, чунки у энди операцион тизимга ички ўрнатилган ҳолда келади, аммо у веб илова сифатида ишлайди. Иловада видеони кесиш, бўлиш, транзициялар, анимацияли матн қўшиш ва шу билан биргаликда камера ва экранни ёзиб олиш хусусиятлари мавжуд. 

Агар Microsoft аккаунтингизда оилангиз гуруҳини яратган бўлсангиз, навбатдаги янги илова - Family билан аккаунтингиздаги оилангизга оид созламаларни ўзгартиришингиз мумкин бўлади. Масалан, илова ичида уларнинг профилларини кўриб туришингиз, болалар учун экран вақтини созлашингиз, ҳаттоки, оила аъзоларингиз қаердалигини реал вақтда кўришингиз мумкин бўлади. Family фақат Windows Home фойдаланувчилари учун бўлади, Windows Pro фойдаланувчилари иловани Microsoft Store'дан юклаб олишлари мумкин бўлади. 

Шунингдек, принтерда чиқариш учун юборилган файлларни кўрсатиб турувчи Print Queue ойнаси Windows 11 стилида қайта дизайнлангани ва у энди қоронғи режимни ҳам қўллаб-қувватлаши маълум қилинди. Quick Assist ва Windows Sandbox, иловалари ҳам энди Fluent стилида қайта дизайнланган иконкага эга. "Безовта қилинмасин" режими ёқилганда ўнг пастки бурчакдаги билдиришномалар белгиси ҳам энди янги дизайнланган белгига ўзгаради. 

Ушбу янгиликлар фақат Windows 11 Dev Channel инсайдерлари учун мавжуд бўлиб, тез орада барқарор версияда барчага чиқарилади. 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.