Россияда мажбурий меҳнатга учраган мирзачўллик оила ватанга қайтарилди

Улашиш:

Жорий йилнинг 19 март куни Россия Федерациясининг Саратов вилоятидан алданиш орқали одам савдосидан жабрланиб, қалтис ҳаётий вазиятга тушиб қолган 2 нафар жиззахлик фуқаро Ўзбекистон Республикасига қайтарилди.

Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида яшовчи Р.У ва унинг турмуш ўртоғи К.С. ни Самарқанд вилояти Жомбой туманида яшовчи Ф. исмли таниши Россия Федерацияси Москва шаҳрида яхши иш борлигини айтиб, ойига ҳар бири 300-400 АҚШ доллари маош олиши, бепул яшаш жойи, озиқ-овқат, ҳужжатлари ҳамда авиачиптаси харажатларини иш жойининг ўзи тўлаб беришини айтиб ишонтирган. У.  ва С. бу таклифга рози бўлган.

Шундан сўнг Ф. уларга 2022 йил 30 январь кунига авиачипта олиб берган. У. ва С. шу куни Самарқанд халқаро аэропорти орқали Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрига учиб кетган. Уларни Москвада Алимардон исмли Ўзбекистон Республикаси фуқароси кутиб олган ва аэропортнинг ўзида уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириб беришини айтиб фуқаролик паспортларини олиб қўйган. Ҳужжатлар шу кунга қадар қайтариб берилмаган. Алимардон уларни Саратов вилояти, Березовка қишлоғи, Степная кўчаси 29/2 уйга жойлаштирган. Даромадли иш деб далада пиёз етиштириш ишларига жойлаштирган. Бир ой ишлаганидан сўнг Алимардон С.га ҳар хил видеолар кўрсатиб, унга тегажоқлик қилишга уринган. С. бўлган воқеани турмуш ўртоғи У. га айтган. У. Алимардоннинг ёнига бориб бошқа бу ерда ишламасликларини айтиб, фуқаролик паспортларини сўраган. Алимардон улар учун Ф.га пул берганлигини, берган пулининг эвазига яна олти ой текин ишлаб беришлари кераклигини айтган ва У.ни калтаклаб куч билан мажбурлаб ишлатиб келган.

Мазкур  вазият юзасидан жабрланувчининг опаси К.Г. жорий йилнинг 9 март куни Жиззах вилояти “Istiqlol avlodi” ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказига мурожаат қилди. ННТ вакиллари USAID молиявий кўмагида "WINROCK international" халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда жабрланувчилар билан боғланишга ҳаракат қилишди. Орадан 10 кун ўтиб жабрланувчилар Тошкент аэропорти орқали Ўзбекистон Республикасига қайтарилдилар.

Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Жиззах вилояти “Istiqlol avlodi” ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази лойиҳа доирасида чет давлатларда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга учраган оғир ижтимоий вазиятдаги фуқароларни Ўзбекистон Республикасига қайтаришда йўл чипталари олиб бериб кўмак кўрсатмоқда. Бунинг учун +99897 2950205 (Умаров Тохир) ҳамда +99899 5503285 (Бегматов Умид) рақамли телефонларга қўнғироқ қилишлари сўралади. Шунингдек, хавфсиз миграция ҳақида @Salom_migrant_bot телеграм боти орқали фойдали маълумотларни билиб олиш мумкин.

 

Ҳакимжон Фозилов 

 

 

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.