АҚШда кўмир нархи 2008 йилдан бери биринчи марта тоннаси учун 100 доллардан қимматлашди, деб хабар берди «Bloomberg».
Украинадаги воқеалар халқаро энергетика бозорида акс-садо бермоқда. Харидорлар глобал экспортнинг салкам 18 фоизини (2020 йилда) ташкил этган рус кўмирига муқобил манбалар қидиришмоқда. Пандемиядан сўнг тикланаётган дунёда ёқилғига талаб ошди, дейишмоқда экспертлар.
Умуман олганда, АҚШ электр энергия ишлаб чиқарувчилари кўмирдан фойдаланишни қисқартиришга уриниб келишяпти, бироқ ўтган йили табиий газ қимматлашгани боис кўмир ишлатиш янаям кўпайди.
Ҳукумат маълумотларига кўра, марказий Аппалачи тоғларида қазиб олинган кўмир нархи ўтган ҳафта 9 фоизга ошиб, бир тоннаси учун $106,15 гача етди. Бу 2008 йилдан бери кузатилган энг қиммат нарх.
АҚШдан кўмир экспорти 2021 йилда 23 фоизга кўпайганди, бу йил яна 3,3 фоизга ошиши кутиляпти — Америка кончилик компаниялари жаҳон бозорларидаги юқори нархлардан фойдаланиб қолишмоқчи.