Итни машинанинг юкхонасига боғлаб қўйган эркак топилган. Унинг айтишича, бу ҳаракатни янги уйга кўчаётгани учун содир этган

Улашиш:

Итни машинанинг юкхонасига боғлаб қўйган эркак ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси ходимлари томонидан топилган. Унинг айтишича, бу ҳаракатни янги уйга кўчаётгани учун содир этган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ  хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамизки, душанба куни йўлдан кетаётган машинанинг устки қисмига боғлаб қўйилган итни акс этган   сурат ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. Зооҳимоячилар ва кўплаб фойдаланувчилар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилиб, ҳайвонларга шафқатсиз муомала қилган ҳайдовчини топиш ва уни жазолашни сўрашган.

Тошкент вилояти ИИББ маълумотларига кўра, фотосурат Олмалиқда олинган. Ҳайдовчининг сўзларига қараганда, у янги уйга кўчиб ўтаётган бўлган. Машина салонида жой қолмагани боис, итни юқоридаги юкхонага боғлаган эмиш. Шунингдек, унинг айтишича, ит якка қолмаслиги учун бу ишни амалга оширган экан.

Мазкур ҳолат бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг   111 моддаси (ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш) бўйича баённома тузилиб, иш судга оширилган.  

Айбдор эркак БҲМнинг уч бараваридан беш бараваригача (810 минг сўмдан 1.3 миллион сўмгача) жаримага тортилиши мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.