Чексиз шафқатсизлик. Олмалиқда ит эгалари жониворни автомобиль устидаги юкхонада боғлаб қўйишган

Улашиш:

Зооҳимоячилар яна бонг уришмоқда. Олмалиқда ит эгалари жониворни автомобиль устидаги юкхонада боғлаб ташишган.  

Мазкур воқеани акс этган видеолавҳа Ekolog.uz Телеграм-каналида чоп этилиб, бу орқали ит эгаларини жавобгарликка тортиш сўралган.

“Давлат рақами "B 485 BА" бўлган “Жигули” автомашинасининг юқори қисмида ит боғланган бўлиб, автомобиль номаълум йўналиш бўйича ҳаракат қилган. Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат қилиш ҳақида қанча кўп гапирилмасин, бу учун жиноий жавобгарликка тортилиш мумкинлиги қанча таъкидланмасин, афсуски, бу каби салбий ҳолатлар давом этмоқда. Тошкент вилояти ИИБдан бу машина эгасини топиб, қонунчиликда белгиланган тартибда жазолашни сўраймиз”, - дея   маълум қилишмоқда зооҳимоячилар.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонда ҳайвонларга шафқатсиз муносабат қилиш учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Бу чора агарда ҳуқуқбузар маъмурий жазодан сўнг ўзига тегишли хулоса чиқармаса ва ҳуқуқбузарликни такроран содир этса қўлланилиши мумкин.

Маъмурий қодексга кўра, 111 модда (ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш) асосида айбдор БҲМнинг уч бараваридан беш бараваригача жаримага тортилади.

Шу ҳуқубузарлик бир йил давомида қайта содир этилса ёки вояга етмаган шахс иштирокида амалга оширилса ёҳуд ҳайвоннинг жароҳатланиши ёки ўлимига олиб келса,   БҲМнинг беш бараваридан ўн бараваригача жарима ёки ўн беш суткагача маъмурий камоқ билан жазоланади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.