Мутахассис: Ўзбекистонда спортга пул тикишнинг ноқонуний бозор ҳажми бир йилда 350 миллион долларни ташкил этади

Улашиш:

Медиаменежер ва футбол бўйича мутахассис Ғайрат Хасбиуллин Alter Ego дастурига айтиб беришича, Ўзбекистонда спортга пул тикишнинг ноқонуний бозор ҳажми бир йилда 350 миллион долларни ташкил этади.

“Айни пайтда Ўзбекистонда спортга пул тикишнинг ноқонуний бозор ҳажми бир йилда 350 миллион долларни ташкил қилади. Мен тахминан 10 миллион долларга адашишим мумкин. Бу ишлаётган бозор, лекин у қора ҳудудда бўлиб, тақиқланган. Шундай бўлсада, бу пуллар бор”, - деди у.

Хасбиуллиннинг таъкидлашича, Ўзбекистон бу бозорни тақиқлай олмайди, чунки буни бошқа давлатлар ҳам қила олишмаган. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда букмекерлар қонунийлаштиришдан манфаатдор, солиқ тўлаш ва қонуний ишлашга тайёрдирлар. Бироқ, бу ерда онлайн-казино ва спортга пул тикиш ўртасидаги фарқни тушуниш керак.

“Онлайн-казино - бу ёлғон, чунки казинони ютиб чиқишнинг иложи йўқ. Бу онлайн, уларнинг барча алгоритмлари шунга мослаштирилган. Тўғриси, мен бунга ишонмайман. Спортга пул тикиш эса майдондаги натижага боғлиқ. Футболни яхши тушунсангиз, ютиш мумкин. Бунинг ёмон томони бўлмаса керак”, - деди у.

Унинг айтишича, беттинг компаниялари маркетингга катта пул сарфлашади.

“Топилган маблағнинг тахминан 10-15 фоизини улар рекламага сарфлашади. Бироқ бир нарсани эътиборга олиш керак. Бу нарсани ҳамма жойда ҳам реклама қилиб бўлмайди. Менимча, мазкур рекламани спорт тадбирлари давомида спорт объектларида жойлаштириш лозим. Шу орқали спортга маблағ жалб қилиш мумкин, зеро бу соҳада пул етишмайди. Футбол, бокс ва курашда яхши ҳомийлар бор. Қолган спорт ташкилотлари эса қашшоқ, улар йиғин ва мусобақа ташкил қила олишмайди”, - деди у.

Хасбиуллиннинг фикрича, ҳар йили букмекерлар 35 миллион долларни спортга ажрата олишади.

“Бу маблағнинг   ярми футболга кетади. Сабаби – бу ўйинни кўпчилик хуш кўради. Шундай қилайликки, беттинг компанияси клубга пул берса, у ўз ўрнида маблағни болалар футбол академиясига сарфласин. Бу яхши ғоя бўлади”, - деди мутахассис.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.