Президент имзолаган қарорга кўра, энди кўп қаватли уйлар ("дом"лар) ва уларнинг бошқарув органлари (ЖЕКлар) учун янги тартиблар жорий этилади.
Президент августда имзолаган "Кўп квартирали уйларни бошқаришни янада самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорга кўра, энди кўп қаватли уйлар ("дом"лар) ва уларнинг бошқарув органлари (ЖЕКлар) учун янги тартиблар жорий этилади.
Энг муҳим янгилик шуки, янги йилдан кўп қаватли уйлар ва ундаги хонадонлар электр энергияси таъминоти бир-бирига интеграция қилинади. Ҳозир хонадонда токдан қарздор бўлсангиз, дарҳол чироқ ўчади. Янги тартибга кўра, агар ЖЕК пулини вақтида тўламасангиз ҳам, уйингиздаги чироқ ўчирилади.
Қарорга кўра, Навоий шаҳрида тажриба тариқасида кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулкини сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш ҳамда кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш учун мажбурий бадаллар ва тўловлардан қарздорлиги мавжуд мулкдорларни электр тармоқларидан ўчириш тартиби 2023 йил 1 октябрга қадар ишлаб чиқилиши керак.
Шунингдек, 2024 йил 1 январга қадар кўп квартирали уйлардаги кириш йўлакларига ва зинапояларда ҳаракат датчикли энергия тежовчи чироқларни ўрнатиш белгиланган. Бу орқали электр энергияси истеъмоли камида 30 фоизга камайтирилади.
"Дом"лардаги яна бир асосий муаммолардан бири юқори қаватларга ичимлик суви етиб боришининг қийинлигидир. Шу мақсадда кўп квартирали уйларнинг юқори қаватларига ичимлик сувни етказиб бериш (насосларни эксплуатация қилиш) харажатлари сув таъминоти ташкилотлари томонидан қоплаб берилади. Бу ҳақдаги қарор лойиҳаси 2024 йил 1 апрелга қадар ишлаб чиқилиши керак.
Бунда бошқарув органи харажатларини қоплаб бериш механизмини ва кўп квартирали уйнинг бошқарув органи билан ичимлик сувни етказиб берувчи ташкилот ўртасида харажатларни қоплаб бериш тизими жорий этилади.
Яна бир муҳим гап: кўп квартирали уйлардаги умумий мол-мулкни мол-мулк солиғидан ва кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларни ер солиғидан озод қилиш бўйича таклифлар 2023 йил 1 ноябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Бундан ташқари, чиқиндилар бўйича интеграция жараёни кўзда тутилган. Ҳозир чиқинди ташиш бироз муаммо, чунки шох-шабба ёки ўрилган чимларни "дом"дагилар қаерга олиб боришни билмайди. Чиқиндихонадагилар қабул қилмайди, ободонлаштириш эса текинга олиб кетмайди.
Бу муаммо ҳам янги йилдан ЖЕКлар зиммасига тушадиган бўляпти. Кўп квартирали уйларни бошқариш органларига агротехник ишлов беришдан ҳосил бўладиган чиқиндиларни (дарахт ва бута шох-шаббалари, барглари) ва кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларни тозалашдан ҳосил бўлган чиқиндиларни маиший чиқиндиларни тўплаш пунктларида ёки чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш операторлари билан келишилган махсус жойларда йиғишга рухсат этилади.
Бунда:
- мазкур чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўлов қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун белгиланган мажбурий тўловларга қўшилган ҳолда ягона тўлов сифатида ундирилади;
- агротехник ишлов беришдан ҳосил бўладиган чиқиндиларни (дарахт ва бута шох-шаббалари, барглари) ва кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларни тозалашдан ҳосил бўлган чиқиндиларни йиғиш ва маиший чиқиндиларни тўплаш пунктларига ёки келишилган махсус жойларга етказиш тўлиқ кўп квартирали уйларни бошқариш органлари томонидан амалга оширилади;
- маиший чиқиндиларни тўплаш пунктларида ёки келишилган махсус жойларда тўпланган агротехник ишлов беришдан ҳосил бўладиган чиқиндилар (дарахт ва бута шох-шаббалари, барглари) ва кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларни тозалашдан ҳосил бўлган чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш операторлар томонидан кўп квартирали уйларни бошқариш органлари билан келишилган ҳолда режа-график асосида амалга оширилади.