Коррупцияга қарши курашишда очиқ танловларнинг аҳамияти қандай

Улашиш:

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилоят филиалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-240-сонли қарори ижросини таъминлаш бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

2020 йилдан бошлаб эксперимент тарзида, 2021 йил 1 январдан эса барча давлат органлари ва ташкилотларида давлат фуқаролик хизмати лавозимларига ишга қабул қилишнинг очиқ танлов асосидаги тартиби жорий этилган.

Ушбу масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг2021 йил 7 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5177-сонли қарори билан ҳам мустаҳкамланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш Агентлигининг, биргина, вакант лавозимларнинг ягона очиқ портали (vacancy.argos.uz) орқали давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиш платформасида 70 га яқин вазирлик ва идоралар тизимлари интеграция қилинган.

Ўтган давр мобайнида Жиззах вилоятининг жами 14 та маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда 45 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотларининг ҳудудий бўлимлари билан очиқ мустақил танловлар ташкил этилган.  

Бугунга келиб ҳудудий давлат органлари ва ташкилотларида 3093 та вакант ўринлари учун танловлар якунланди, 532 та вакант ўринлар учун танловлар давом этмоқда ҳамда 79 та вакант ўрин учун ҳужжатлар қабул қилиш босқичи ўтказилмоқда. Якунланган танловларда 29501 та номзодларнинг аризалари кўриб чиқилган бўлса, давом этаётган танловларга 4634 та ариза келиб тушган. 15430 нафар номзодлар танловнинг тест босқичига, 12677 нафари танловларнинг суҳбат босқичига ўтказилди. 1127 нафар танлов ғолиблари билан меҳнат шартномалари тузилган.

Ўтказилаётган танловларнинг тест ва суҳбат босқичлари Youtube видеохостингидаги “АРГОС Жиззах” канали ҳамда   Vacancy.argos.uz | Online телеграм канали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатиб борилмоқда. Шунингдек, сақлаб қўйилган видеоёзувлар танлов иштирокчилари томонидан танлов босқичлари билан боғлиқ мурожаатларини кўриб чиқишда адолат ва холисликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Танловлар юзасидан бўлаётган мурожаатлар билан ишлаш мақсадида (72) 226-22-36 ҳамда (72) 226-22-19 ишонч телефони рақамлари ташкил этилган. Шу қаторда, Агентликнинг Vacancy_argos|Murojaatlar телеграм боти ҳам ишлаб турибди.

Агентликнинг Жиззах вилояти филиали фаолияти билан тезкор ва ишончли таништириб бориш мақсадида ARGOS Jizzax viloyati filiali телеграм канали ташкил этилган.

Мурожаатлар билан ишлаш ва танлов иштирокчилари томонидан келиб тушаётган саволларга атрофлича жавоблар бериб бориш мақсадида ҳар ҳафтанинг жума куни соат 17.00 дан 18.00 гача телеграм мессенжерида овозли чат шаклида онлайн очиқ мулоқот ташкил қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 11 майдаги “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-240-сонли қарори соҳада коррупцияни олдини олиш ва очиқлик сиёсатининг узвий давоми ҳисобланади.

Агентлик томонидан бугунги кунда давлат фуқаролик хизмати ғоявий платформасини такомиллаштириш, жараёнларни рақамлаштириш борасида бир қатор йўналишларда ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан,

- давлат хизматига ишга киришда танлов иштирокчилари учун қулайликлар яратиш мақсадида, vacancy.argos.uz платформасининг ўзида тест саволлари жойлаштирилди,

- телеграм тармоғида test.argos.uz канали ташкил этилиб, тест саволлари намуналари (жавоблар вариантлари билан) даврий равишда жойлаштириб борилмоқда,

- вакант лавозимлар бўйича танловларни ташкил этиш бўйича vacancy.argos.uz,

- Миллий кадрлар захираси базаси бўйича kadrlar.argos.uz,

- ходимлар самарадорлигини ошириш бўйича kpi.argos.uz,

- ходимлар малакасини ошириш бўйича ilm.argos.uz,

- келгусида вазирлик ва идораларда, уларнинг қуйи тузилмаларида кадрлар сиёсатини юритиш, инсон ресурсларини бошқариш ҳолатини баҳолаб бориш бўйича reyting.argos.uz электрон платформаси ишга туширилиб, у орқали ташкилотларнинг кадрлар билан ишлаш борасидаги фаолиятлари баҳолаб борилиши юзасидан батафсил ахборот бериб борилади.

Агентлик томонидан давлат фуқаролик хизматига очиқ мустақил танловлар орқали ишга қабул қилишдаги коррупцион ҳолатларни бартараф этишга қаратилган қатор шаффоф механизмлар ишлаб чиқилмоқда. Ҳусусан, инсон омилини чеклаган ҳолда коррупцион хавф-хатарларнинг олдини олиш мақсадида, танловларнинг суҳбат босқичида саволларни автоматик танлаб бериш ахборот тизими (suhbatargos.uz) ишга туширилмоқда.

Матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Эркин Холбўтаев ҳамда Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши котибият мудири Нодира Каримова ва бошқалар журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.