Жиззахда селдан талофат кўрган оилаларга уй-жой қуриш бошланди

Улашиш:

Жиззах вилоятининг Фориш туманида селдан талофат кўрган оилалар учун янги уй-жойлар қуриш ишлари бошланди. Оилалар учун ер майдонлари ажратилиб, 20 та замонавий уй-жойлар бунёд этилади. 100 га яқин уй-жойларда реконструкция ишлари олиб борилади.

Фориш тумани «Эгизбулоқ» маҳалласида 20 апрель куни содир бўлган сел натижасида талофат кўрган оилалар учун янги уй-жойлар қурилиши бошланди, дея хабар берди Жиззах вилояти ҳокимлиги.

«Оилалар учун ер майдонлари ажратилиб, 20 та замонавий уй-жойлар бунёд этилади. Шунингдек, селдан қисман талофат кўрган 96 та уй-жойларда ҳукумат қарорига асосан реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади», — дейилади ҳокимият маълумотида.

 

 

 

 

 

Эслатиб ўтамиз, 20 апрель куни соат 15:00 атрофида Фориш туманидаги Эгизбулоқ маҳалласида Нурота тоғ тизмаси томонидан сел келди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бунга кучли ёмғир сабаб бўлганини маълум қилди. Сел ва сув тошқини оқибатида бу ерда 5 киши, шу жумладан икки нафар ёш бола ҳалок бўлганлиги айтилди. Бундан ташқари, 53 та хонадон тўлиқ талофат кўрди.

25 та уйда яшовчи 100 дан ортиқ фуқаро вақтинча бошқа жойга кўчирилганди. Ҳудудда жойлашган қабристондаги 70 дан ортиқ қабрлар ювилиб кетганди.

Маълумот учун, жорий йилнинг март-май ойларида кучли ёғингарчилик оқибатида Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 15 га яқин йирик сел ва кўчкилар содир бўлди.

Табиий офатлар оқибатида 9 нафар инсон ҳалок бўлди. 245 та хонадон, 19 та кўприк зарар кўрди, 450 дан ортиқ бош чорва моллари нобуд бўлди.

Президент раислигида май ойида ўтказилган йиғилишда берилган маълумотга кўра, бунга сел ва кўчки хавфи юқори ҳудудларда йиллар давомида бетартиб пала-партиш суғорилгани ҳам сабаб бўлмоқда. Шу боис, ушбу йиғилишда тоғ дарёлари ва сойлари, сел йўллари жойлашган ҳудудларда туну-кун ишлайдиган штаблар ташкил этиш ва қутқарув отрядларини кўпайтириш топширилди.
Sangzor.uz сайти мазкур ҳодиса тафсилотларига бағишланган "Эгизбулоқ фалокати" номли ҳужжатли фильмни тасвирга олди. Ҳозирда фильмни монтаж жараёнлари кетмоқда. Тез кунда мазкур фильмни сайтимиз орқали кузатишингиз мумкин бўлади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.