Форишдаги сел талофатини бўрттириб кўрсатишдан мақсад нима?

Улашиш:

2022 йил 20 апрель куни республикамизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Фориш туманидаги “Эгизбулоқ” маҳалласида кучли ёғингарчилик натижасида сел келиш ҳолати юзага келди. Маҳалла ҳудудида 1 соату 30 дақиқада ёғиб ўтган ёмғир бир ойлик ёғингарчилик миқдорини ташкил этди.
Фориш тумани “Эгизбулоқ” маҳалласининг тоғ қисмидан оқиб келган сел маҳалла хонадонларига, томорқаларига, ёрдамчи хўжалик биноларига, автомобил йўлларига зарар етказди. Жумладан, сел маҳаллада жойлашган 260 та хўжаликдан ўтиб, уларнинг 53 таси тўлиқ талофат кўрган, 44 таси ўрта ва 163 таси енгил даражада талофат кўрган.

Қутқарувчилар томонидан 6 нафар фуқаро сел оқимлари ичидан қутқарилган. 5 нафар фуқаро вафот этган. Ушбу ҳудудда бундай сел оқимлари бундан тахминан 80 йиллар аввал кузатилган.

Сел оқими маҳалла ҳудудидаги 15-умумтаълим мактаби ва 9-сонли мактабгача таълим муассасаси ҳовлисига ва ушбу муассасалар биноларининг 1-қаватига қисман кирган. Маҳалла ҳудудидаги 1,5 километр ички йўлларга сел сувлари тошиши оқибатида тош, қум-шағал, оқизиқлар тўпланиб қолиб, транспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик тўхтатилган.

“Эгизбулоқ” маҳалласида сел оқибатларини бартараф этиш, талофат кўрганларга ёрдам бериш мақсадида Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Салиев раҳбарлигида штаб ташкил этилган бўлиб, штаб туну-кун фаолият олиб бораяпти.

Маҳаллада сел оқибатларини бартараф этиш мақсадида Жиззах вилояти корхона, ташкилот, муассасалардан ташқари, республикамизнинг бошқа ҳудудларидан ҳам ҳашарчилар ёрдамга келиб кўмак беряпти. Сел оқибатларини бартараф этишга 50 дан зиёд махсус техника воситалари сафарбар этилган.

Бундан ташқари, маҳалла ҳудудида селдан талофат кўрганларга гуманитар ёрдам кўрсатиш штаби ташкил этилган. Нафақат Жиззах вилоятидан балки республикамизнинг бошқа ҳудудларидан ҳам озиқ-овқат, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, кийим-кечак, қурилиш материаллари карвони келаяпти. Ушбу гуманитар ёрдамлар селдан талофат кўрган аҳолига етказиб берилмоқда.

“Халқимизда ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир” деган ибратли гап бор. Айрим ижтимоий тармоқларда ўз репортажида “Эгизбулоқ”даги сел оқимини бўрттириб ўтган йилги “Сардоба” сув омбори тошқинига қиёслайди. Маҳаллада бирорта ҳам яшашга яроқли уй қолмаганини таъкидлайди. Ахир “Сардоба” сув омбори тошқини натижасида нечта туман, нечта маҳалла ҳатто қўшни Қозоғистон Республикасидан бир нечта маҳалла зарар кўрганидан барчамизнинг хабаримиз борку. Журналистнинг вазифаси ҳодисани бўрттириб эмас, халққа холисона етказиш эканини наҳотки ёддан чиқарган бўлса?

Ҳатто айрим ижтимоий тармоқларда маҳалла аҳолиси кўнглига ғулғула солувчи “уй қуриб берилмас экан, ёрдам берилмас экан” деган хабарлар ҳам тарқалмоқда.
Республикамиз ҳукумати томонидан сел натижасида уй жойидан айрилган фуқароларга уй жой қуриб бериш ва уйи қисман зарар кўрганларни уй-жойини таъмирлаб бериш ҳамда маҳаллада кенг кўламли ободонлаштириш ишларини амалга ошириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
“Эгизбулоқ” маҳалласида амалга оширилаётган ишлар билан аҳоли кунлик хабардор қилиб борилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.