Сўнгги олти ойда қанча чақалоқ кўчада туғилгани очиқланди

Улашиш:

Тошкентда жорий йилнинг январь-июнь ойларида 3 нафар аёл “Тез ёрдам” машинасида, яна 25 нафар аёл ўз уйида фарзандини дунёга келтирган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида Тошкент шаҳар “103” хизматига туғуруқ ва ҳомиладорлик патологиялари бўйича жами 21 минг 143 та чақириқ келиб тушган. Шундан 38-40 ҳафталик ҳомиладорлик даврида бўлган 2342 нафар аёл туғуруқ учун мурожаат қилган.

Бундан ташқари, 25 нафар ҳомиладор аёл ўз уйида фарзандли бўлган. Кутилмаганда бошланган туғуруқ ва яна бошқа омиллар сабабли эса 3 нафар она чақалоғини “Тез ёрдам” машинасида дунёга келтирган.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг январь-июнь ойларида Тошкент шаҳар "Тез ёрдам" хизматига жами 622 минг 578 та чақириқ келиб тушган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 июль куни Тошкент вилояти Қибрай туманидаги поликлиника шифокори автомобилда шошилинч туғуруқни амалга оширганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.