Бош прокуратура Қорақалпоғистондаги намойишлар пайтида қурбонлар сони ошганини маълум қилган. Шу билан бирга, прокуратура одамларнинг оммавий тарзда йўқолгани ҳақидаги миш-мишларни рад этган

Улашиш:

Бош прокуратура Қорақалпоғистондаги намойишлар пайтида қурбонлар сони ошганини маълум қилган. Шу билан бирга, прокуратура одамларнинг оммавий тарзда йўқолгани ҳақидаги миш-мишларни рад этган.  

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Тошкентда бўлиб ўтган брифингда маълум қилишича, норозилик намойишлари оқибатида фуқаролар ва тадбиркорлар, давлат ва инфратузилма объектларининг мол-мулкига етказилган зарар миқдори 3,1 миллиард сўмдан ошган.

"Норозиликлардан сўнг шифохоналарга мурожаат қилган 274 нафар фуқарога тегишли тиббий ёрдам кўрсатилди, шундан 16 нафар фуқаро тиббиёт муассасаларида қолмоқда. Афсуски, шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, аҳволи оғир бўлган яна 3 нафар фуқаро вафот этди", - деди у.

Аввалроқ маълум қилинганидек, норозилик намойишлари натижасида 14 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 13 нафари алкоголь ва гиёҳванд моддалар таъсирида бўлган. Бундан ташқари, тўрт нафар ҳуқуқ-тартибот ходими вафот этган. Энди маълум бўлишича, норозилик намойишлари ортидан ўлганларнинг умумий сони 21 тани ташкил қилган.

Шамсутдиновнинг айтишича, афсуски, айрим хорижий ижтимоий тармоқларда воқеада иштирок баъзи фуқароларнинг йўқолиб қолгани ҳақидаги мутлақо асоссиз ва   "сохта" хабарлар тарқатилмоқда.

"Аслида интернетда тарқатилган рўйхатдаги фуқароларнинг айримлари уйда экани, айримлари Қорақалпоғистон ҳудудини тарк этгани, қолганлари эса умуман йўқ одамлар экани аниқланди. Бироқ, бу ҳолат ҳам Бош прокуратура тергов гуруҳи томонидан назоратга олинган ва ҳозирда такроран текширилмоқда", - деди у.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, ўз вазифаларини бажаришда жароҳат олган 141 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходими,   қолаверса, соғлиғи ва мол-мулкига зарар етган 16 нафар фуқаро жабрланувчи деб тан олинган.

"Жиноятларни содир этганларни фош этишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида гумон қилинувчи сифатида жалб қилинган ва белгиланган тартибда ушлаб турилган фуқаролар адвокат ҳимоясини олиш ҳуқуқига эга, яқин қариндошлари эса уларнинг ҳибсга олинганлиги, шунингдек сақлаб турилган жой тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган", - деди Бош прокуратура вакили.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.