Ўзбекистон мусулмонлари идораси 10 кунлик Умра тадбирининг бошланганини маълум қилди. Расмий баёнотга кўра, 2025 йилнинг август ойидан бошлаб, юртимиз фуқаролари учун Макка ва Мадинага Умра зиёратининг янги мавсуми старт олади.
Зиёратчилар Тошкент — Жидда йўналиши бўйича тўғридан-тўғри авиарейслар орқали Саудия Арабистонига етиб боришлари мумкин бўлади. Сафар доирасида улар Макка ва Мадинадаги меҳмонхоналарга жойлаштирилади, ҳамда Жидда – Мадина – Макка – Жидда йўналишларида автобус хизмати билан таъминланади.
Идора маълумотига кўра, зиёратчиларга тажрибали ишчи гуруҳ ҳамда малакали шифокорлар ҳамроҳлик қилади. Умра дастури доимий тиббий назорат ва ташкилий ёрдам билан амалга оширилади.
Айни пайтда Ўзбекистонда 14 та туристик компания Умра зиёратини ташкил этиш бўйича расмий рухсатномага эга. Бу ҳам фуқаролар учун танлов имкониятларини кенгайтириши мумкин.
Фуқароларга расмий маълумот манбалари орқали сафар шартлари ва нархларини олдиндан ўрганиб чиқиш тавсия этилади.