
2025-йилги Ҳаж зиёрати 28-май куни бошланиб, тайёргарлик ва барча амалларни ўз ичига олган ҳолда 33 кун давом этади.
Ёз фасли яқинлашмоқда, бу эса Ҳаж мавсумининг бошланишидан дарак беради. Кўпчилик учун Ўзбекистоннинг жазирама иссиғи ўрнини Арабистон яриморолининг яна-да иссиқроқ қуёши эгаллайди. Айнан шу муқаддас заминда Ислом дини бошланган. Бироқ иқлим ҳам, харажатлар ҳам ўзбекистонлик мўмин-мусулмонларни тўхтатмайди. Ҳаж зиёрати бу улуғ ва муқаддас бурчдир.
Журналист Шуҳратжон Хуррамов сиз учун фойдали қўлланмани тайёрлади. Ундан сиз зиёратга тўғри тайёргарлик кўриш, Маккага етиб бориш ва уйга соғ-омон қайтиш бўйича муҳим маслаҳатларни оласиз.
Ушбу мақолада қуйидагилар билан танишасиз:
Ҳаж зиёрати учун ариза топшириш ва рўйхатга олиш жараёнлари
Тиббий кўрикдан ўтиш тартиби
Аёллар учун махсус тавсиялар
Жисмоний тайёргарлик бўйича маслаҳатлар
Ҳаж маросимлари ҳақида муҳим маълумотлар
Тажрибали ҳожиларнинг маслаҳатлари
Ўзингиз билан олиб боришингиз ва уйда қолдиришингиз керак бўлган нарсалар
Фирибгарликдан сақланиш усуллари
Ҳаждан кейин зиёратчининг ҳаёти қандай ўзгаради
Ҳаж зиёрати учун зарур ҳужжатлар: ариза топшириш ва барча босқичлардан ўтиш
Зиёрат бўлажак йўловчининг ўз маҳалласи орқали Ҳажга бориш учун ариза топширишидан бошланади. Кейин маълумотлар электрон тизимга киритилади. Бу жараён тартибга солинган бўлиб, хатоларга йўл қўймасликка ёрдам беради ва тайёргарликни тезлаштиради. Ҳажга боришни истаган ҳар бир киши бу босқичдан ўтиши керак. Бу жойларни тўғри тақсимлаш ва зиёратчиларни сафарга тайёрлашга кўмаклашади. 
Навбат келганида, одатда, сафарга чиқишдан бир йил олдин зиёратчи Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тегишли бўлимига таклиф қилинади. Бу босқичда сафар харажатининг 50 фоизини тўлаш, қолган суммани эса жўнаб кетишдан 1-2 ой олдин киритиш керак бўлади.
Шу йилнинг 28-майидан бошланиб, 33 кун давом этадиган Ҳаж сафарининг нархи $6 мингни ташкил этади.
Ҳажга тайёргарлик: тиббий кўрик, гуруҳлар ва ҳамроҳлик
Агар зиёратчининг жиддий сурункали касаллиги бўлса, тиббиёт ходимлари ҳажга бормасликни тавсия қилишлари мумкин.
Тиббий кўрикдан ўтиб, Ҳажга бориш учун рухсатнома олингач, зиёратчилар 50 кишидан иборат гуруҳларга бирлаштирилади. Ҳар бир гуруҳга имом-хатиблардан раҳбар тайинланади. У тажрибали, ҳажга бориб келган, араб тилини биладиган, жойларни яхши мўлжал қилоладиган инсон бўлади. У зиёратчиларга ёрдам бериб, ҳажнинг барча маросимлари бўйича йўлбошчи ва мураббий вазифасини ўтайди.
Ҳажга борувчи аёллар учун эслатма
Ҳаж сафарига бориш учун аёлларга маҳрам – яқин эркак қариндоши ҳамроҳлик қилиши шарт. Чунки бу даврда кўпинча қўллаб-қувватлашга зарурат туғилади. Ҳажнинг эсон-омон ўтиши учун олдиндан руҳий, жисмоний ва молиявий жиҳатдан тайёргарлик кўриш муҳим. Ибодатни 60 ёшгача адо этган маъқул, чунки ёш улғайган сари иссиққа ва ортиқча ҳаракатларга дош бериш қийинлашади.
Жисмоний тайёргарлик — Ҳажни осон адо этишнинг калити
Ҳаж — жисмоний ва иқлим билан боғлиқ қийинчиликлар билан кечадиган узоқ муддатли сафар. Саудия Арабистони ўзининг иссиқ об-ҳавоси билан машҳур бўлиб, зиёратчилар қуёш нури ва юқори ҳароратга тўғридан тўғри дуч келади. У ерда кўп пиёда юришга тўғри келади, маросим жойлари ўртасидаги масофа баъзан кунига 10 – 15 километр бўлиши ҳам мумкин. Йўл узоқ, транспорт эса ҳар доим ҳам етарли эмас.
Маслаҳат: ҳаракатли жараёнларни енгилроқ ўтказиш учун саёҳатдан анча олдин жисмоний тайёргарлик кўринг, машқлар қилинг ва спорт билан шуғулланинг.
Қанча кўп билсанг — Ҳаж зиёрати шунча осон бўлади
Мутахассислар зиёратга оид материаллар – мақолалар, Youtube'даги видеолар, китоблар ва қўлланмаларни олдиндан ўрганиб чиқишни тавсия қилади. Бу етиб борилган манзилда саросимага тушмасликка ёрдам беради. Фойдали маълумотлар кўп ва ҳар бир зиёратчи уларни ўрганишга вақт ажратиши керак.
Яхшиси, тайёргарликни сафарга чиқишдан 2-3-йил олдин бошлаган маъқул. Умра қилиш — яхши тажриба. Бу ҳаётий кўникмаларни беради.
Ҳажга кўпчилик етарли адабиётларни ўрганмай, маросимларни билмай боради. Бу эса олдини олиш мумкин бўлган хатолардан бири.
Ҳатто майда-чуйда нарсалар, масалан, хушбўйлантирувчи воситалардан фойдаланиш, тукларни териш, эҳромдаги ҳашаротларни ўлдириш кабилар ҳам қоидаларга зид ҳисобланади. Оддий ҳаётда бу ишларни қилиш мумкин бўлса-да, Ҳажда жоиз эмас.
Тажрибали ҳожиларнинг маслаҳатлари
Муҳаббат Нусратова икки йил олдин 66 ёшида Ҳаж зиёратини адо этган:
«Саудия Арабистони иссиқ бўлишига қарамай, ўзингиз билан иссиқ нарсалар, поябзал ва пайпоқ олиш тавсия қилинади. Масжидлардаги кондиционерлар ҳавони жуда совитиб юборади ва бу кўплаб зиёратчиларда учрайдиган шамоллашга олиб келиши мумкин».
Улар, шунингдек, пиёда юришга тайёргарлик кўриш муҳимлигини таъкидлайди: «Йўлда ноқулайликдан қочишга ёрдам берадиган қулай поябзални танланг».
Бундан ташқари, «Дори-дармонларни ўзингиз билан олишни унутманг, чунки керакли дориларни бошқа жойдан ҳар доим ҳам топа олмайсиз» деб маслаҳат беради.
Ўзингиз билан олиб кетадиган ва уйда қолдирадиган нарсалар
Нодир Маҳмудов 54 ёшда. Ўтган йили кичик Ҳажнинг барча синовларини бошидан кечирган Нодир майда-чуйда бўлса-да, бир неча нарсани унутмаслик керак, дейди. У овқатни уйдан олиб келмасликни, баъзилар ўзлари билан нон, қази ва иссиқда бузиладиган қуритилган гўшт олиб келишини тушунтирди. Унинг сўзларига кўра, Саудия Арабистонида таомлар жуда яхши ва етарли бўлади. Шунингдек, араб тилини билмаганлар Қуръон ва ҳадисларнинг ўзбек тилидаги таржималарини ўзи билан олиб кетишини маслаҳат берди.
«Сафарга анъанавий ўзбек дўппиларини олишни тавсия қилмайман, чунки улар жазирама қуёшдан ҳимоя қилмайди. Бунинг ўрнига соябонлар, кенг ҳошияли панамалар, оқ рангли ёки нур қайтарувчи енгил бош кийимлардан фойдаланинг».

Қандай қилиб фирибгарлар қурбони бўлмаслик мумкин
Фирибгарликдан қочиш учун расмий давлат тузилмалари орқали Ҳаж ибодатини адо этиш муҳим. Республикамизда зиёратни ташкил этиш Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита томонидан назорат қилинади. Агар зиёратчи маҳалла орқали ариза бериб, электрон навбатга туриб, гуруҳ таркибида борса, хавфлар минимал бўлади. Рўйхатдан ўтишдан қайтиб келишгача бўлган барча босқичлар давлат томонидан таъминланади.
Расмий каналлар орқали Ҳаж зиёратини адо этаётган зиёратчилар ўз хавфсизлигига ишонч ҳосил қилишлари мумкин. Логистикадан тортиб тиббий ёрдамгача бўлган барча масалалар тартибли ва шаффоф ҳал этилмоқда.
Кўпинча фирибгарлик Ҳаж билан эмас, балки Умра зиёрати билан боғлиқ бўлади. Айниқса, саёҳатлар давлат тузилмаларининг иштирокисиз сайёҳлик фирмалари томонидан ташкил этилган ҳолатларда кузатилади.
Ҳақ йўлидаги сафар: Ҳаждан кейинги ҳаёт дарслари
Ҳаждан сўнгра, ҳожи барча фарз амалларни бажариб бўлгач, унинг кейинги амаллари худди оқ қоғозга қайтадан ёзилгандек қайд этила бошлайди. У буни англаши ва ички масъулиятни ўз зиммасига олиши керак.
Зиёратчи эски одатларини ташлаб, бошқача яшашга интилиши керак. «Мен Ҳожиман» деган сўз нафақат мақомни, балки ички ўзгаришларни ҳам англатиши керак. У ахлоқий заифликлардан воз кечиб, тўғри ҳаётни бошлаши лозим.
Агар Ҳаж қабул бўлган бўлса, бу хулқнинг ўзгаришида намоён бўлади. Ёмон хислатлар ўрнига яхши хислатлар пайдо бўлиб, бу гуноҳлар кечирилганига ишорадир.
Ҳаждан кейин зиёратчи ибодатга эътиборлироқ бўлиши, тўғри яшашга интилиши ва бошқаларга ёрдам бериши керак. У атрофдагиларга ўрнак бўлиши ва айниқса, оилада уйғунликка интилиши лозим.
Гоҳида Аллоҳ таоло Ҳаж қилганларга синов юборади. Ҳаётнинг қадрига етиш, вақтдан унумли фойдаланиш, ақл билан иш тутишга ёрдам берадиган синов. Аллоҳ барча саъй-ҳаракатларингизни қабул қилсин!