Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Путин унга генерал-полковник унвонини бергани билан мақтанди.
«Россия президенти менга генерал-полковник унвонини берди. Фармон 709-сон билан чиққан. Владимир Владимирович бу ҳақда шахсан хабар бериб, мени табриклади», — деб ёзди Қодиров ўз телеграм-каналида.
Бугун Рамзан Қодировнинг туғилган куни — 46 ёшини қаршилади.
BBC интернетдаги очиқ маълумотларга асосланиб ёзишича, Рамзан Қодировга 33 ёшида (2009 йили) милиция геренал-майори унвони берилган. 2020 йилда у Росгвардияга ўтиб, генерал-майор унвонини сақлаб қолди, Украинада уруш бошланганидан бир ой ўтиб генерал-лейтенантга айланди.
Энди у — генерал-полковник. Бундан ҳам катта битта унвон қолди — армия генерали.
Экспертларнинг фикрича, Рамзан Қодиров генерал-полковник унвонига лойиқ топилиши — Путин армия генераллари (умуман, армияга нисбатан) унга кўпроқ ишониши белгисидир. Қодиров армия генералларини аёвсиз танқид қилганидан кейин унга унвон берилиши остида ҳам кўп маъно бор.